Ўрмон фонди ерларини бошқа тоифага ўтказиш Президент қарори асосида амалга оширилади
“Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўрмон фонди ерлари муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ўрмон фонди ерларининг муҳофазасини таъминлаш билан боғлиқ талабларни Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида аниқ белгилаш орқали уларни алоҳида муҳофаза этишга қаратилган.
Жумладан, қонун лойиҳаси билан Ер кодексига ўрмон фонди ерларининг алоҳида муҳофаза этилишини таъминлашга қаратилган муҳим нормалар киритилмоқда. Яъни, лойиҳа билан ўрмон фонди ерлари алоҳида муҳофаза этилиши белгиланмоқда.
Ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида амалга оширилиши мустаҳкамланмоқда. Амалда ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширилар эди.
Қонунчилик палатаси мажлисида ушбу қонун лойиҳаси муҳокама қилинар экан, лойиҳанинг қабул қилиниши ўрмон фонди ерларини алоҳида муҳофаза қилиш, уларни кўпайтириш ҳамда экологик тизимлар барқарорлигини таъминлаш хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
М.Комилова,
ЎзА