Ўқувчилар ваъда берди
“...Ватаним тарихи, аждодларим урф-одатларини билишга, ўқишни аъло баҳоларга битириб, келажакда она Ватанимга, халқимга ва Президентимга билимли, садоқатли, мард фарзанд бўлишга ваъда бераман”.
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Жасорат мактаблари”га қабул қилинган ўқувчилар ана шундай ҳароратли сўзлар билан тантанали равишда “Ваъда бериш” маросимида иштирок этди.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги “Жасорат мактаблари”га қабул қилинган ўқувчиларнинг тантанали “Ваъда бериш” маросимининг асосий тадбирлари Сержантлар тайёрлаш олий мактабида ўтказилди.
Маросимда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг ҳудудий раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар иштирок этди.
Жорий йилда белгиланган тартибда икки босқичли тест синовлари ҳамда жисмоний тайёргарлик бўйича имтиҳонларида юқори натижага эришган 416 нафар ўқувчи “Жасорат мактаблари”да ўқишни бошлади. Ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан умумтаълим мактабида “Жасорат синфлари”да 26 нафардан ўқувчи қабул қилинди. Уларга белгиланган тартиб асосида аниқ фанлар, она тили ва адабиёт, тарих, ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади. Шунингдек, уларнинг дарс жадвалида ҳарбийлаштирилган ўқув машғулотлари ҳам мавжуд.
Тантанали маросимда ўқувчилар она Ватанга садоқат, матонат ва масъулият рамзи сифатида ваъда беришди.
[gallery-31974]
– Ўзим ҳам ҳарбий хизматда бўлиб қасамёд қилганман, аммо бугунгидек ҳаяжонланмаганман, – дейди пастдарғомлик Хуррам Ғаниев. – Набирам Алибек Хуррамов Пастдарғом туманидаги “Жасорат мактаби”га қабул қилинди. Бугун унинг “Ваъда бериш” маросимида иштирок этдим. Тўғрисини айтсам, боболар фарзандларининг ютуғидан кўра, набираларнинг ютуғидан кўпроқ хурсанд бўларкан. Набирамнинг ҳарбий бўлишга қизиқиши бобо сифатида мени беҳад ғурурлантиряпти.
“Ваъда бериш” бу шунчаки гап эмас. Мурғак қалб билан она Ватаннинг, ота-она ва яқинлар, устозларнинг унга ишонч билдираётганини ҳис этиш инсондан ҳақиқий жасоратни талаб этади. Эндигина 5-синф ўқувчиси бўлган бу ёшлар ҳозирданоқ ана шундай жасорат билан шарафли касбни эгаллашга бел боғлаётганининг ўзи улкан масъулият.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари