Ўқувчилар ташаббуси билан хайрия марафони ўтказилди
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида “Ҳар бир қадам ҳаётни сақлаб қолади” шиори остида ташкил этилган “Run For Life – Jizzakh 2026” хайрия марафони юксак инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган йирик ижтимоий лойиҳалардан бирига айланди.
Ўқувчилар ташаббуси билан ўтказилган мазкур марафоннинг асосий мақсади онкологик ва лейкемия касалликлари билан курашаётган болаларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва бирдамлик туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборатдир. Шу билан бирга, тадбир соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ҳамда эзгулик атрофида жипслаштиришга хизмат қилди.

Эрта тонгданоқ тумандаги Шодлик кўчасида жам бўлган юзлаб иштирокчилар нафақат ғолиблик учун, балки инсон ҳаётини асрашдек улуғ мақсад йўлида қадам ташлашди. Улар 3 ҳамда 6 километрлик масофаларда куч ва иродаларини синовдан ўтказишди.
Марафон давомида иштирокчилар ўртасида соғлом рақобат муҳити ҳукм сурди. Белгиланган масофани биринчи бўлиб босиб ўтган ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

Бугун дунёда хайрия марафонлари нафақат спорт тадбири, балки жамиятни яхшилик атрофида бирлаштирувчи муҳим ҳаракат сифатида эътироф этилмоқда. “Run For Life – Jizzakh 2026” ҳам ана шу эзгу анъананинг Жиззах заминидаги ёрқин намунаси бўлди.
Эътиборлиси, бу ташаббус энди бир ҳудуд доирасида қолиб кетмаяпти. Шароф Рашидов тумани ўқувчилари бошлаб берган хайрли ҳаракат Жиззах вилояти бўйлаб кенг қулоч ёзиб, ёшлар орасида меҳр-мурувват ва ижтимоий масъулият маданиятини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири