Ўқув тренинги ташкил этилди
Сирдарё вилоятида “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси тармоғида фаолият юритаётган дорихона ходимлари учун ўқув тренинги ўтказилди. Машғулотлар “Берлин-Хими” компанияси вакиллари ҳамкорлигида амалга оширилди.
Тренингда фармацевтлар замонавий тиббиёт амалиётида кенг қўлланилаётган дори воситалари ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлдилар. Мутахассислар айниқса эндокрин ва метаболик касалликларда тўғри препарат танлаш, дозалаш ва беморга тавсия беришда эътиборли бўлиш зарурлигини таъкидладилар.
Масалан, L-Тироксин қалқонсимон без гормони етишмовчилигида қўлланиладиган асосий препаратлардан бири бўлиб, у организмдаги гормон балансини тиклаш, энергия алмашинувини меъёрга келтириш ва умумий фаолликни оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Сиофор қандли диабетнинг 2-тури билан оғриган, айниқса ортиқча вазнга эга беморлар учун тавсия этилади. Препарат организмнинг инсулинга бўлган чидамлилигини пасайтиради ва қанд миқдорини барқарор ушлаб туришга ёрдам беради.

Эндокрин касалликлар профилактикасида муҳим аҳамиятга эга яна бир восита — Йодомарин. У йод етишмовчилигини бартараф этиш ва қалқонсимон без фаолиятини нормаллаштириш учун мўлжалланган бўлиб, болалар, ўсмирлар ҳамда ҳомиладор аёллар соғлиғини муҳофаза қилишда муҳим роль ўйнайди.
Бундан ташқари, Берлитион диабетик невропатия ва метаболик касалликларда асаб тизимини қўллаб-қувватловчи антиоксидант восита сифатида таърифланди. У асаб ҳужайраларини оксидланиш стрессидан ҳимоя қилиш, қон айланишини яхшилаш ва умумий тонусни оширишда самарали ҳисобланади.
Тренинг давомида иштирокчилар ушбу препаратларнинг таъсир механизми, тўғри дозалаш усуллари ва беморларга тавсия этишдаги муҳим жиҳатлар ҳақида ўз билимларини оширишга муваффақ бўлишди. Шунингдек, амалиётда учрайдиган муаммолар юзасидан савол-жавоблар ўтказилиб, тажриба алмашуви учун кенг имконият яратилди.
– Фармацевт — бу фақат дори сотувчиси эмас, балки ҳар бир беморга соғлиқ масаласида йўл-йўриқ кўрсатадиган маслаҳатчи, – дейди “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси Сирдарё вилояти бўлинмасининг раҳбари Алишер Кунишев. – Шу боис бизнинг мақсадимиз — ҳар бир ходимнинг касбий салоҳиятини доимий равишда ошириш, замонавий дори воситалари ҳақида янгиланган билимларга эга бўлишларини таъминлашдир. Бугунги тренинг ана шу мақсад йўлидаги амалий қадамлардан бири бўлди.
“Берлин-Хими” компанияси вакиллари ҳам “Дори-Дармон” дорихоналари фармацевтларининг билимга чанқоқлиги ва касбий ёндашувини юқори баҳолаб, бу каби тренингларнинг доимий ўтказилиши тажриба алмашиш ва малака ошириш учун муҳим платформа эканини таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири