Ўқув дастурлари замон талабидаги дарслар билан бойитилади
Ахборот технологияларининг жадал ривожланиши ёш авлодга янги талаблар қўймоқда. Бу – информатикадан тортиб то молиявий саводхонликкача бўлган кўникмаларни ўз ичига олади.
Шу мақсадда мамлакатимизда 1- синфдан компьютер саводхонлиги, юқори синфларда молиявий саводхонлик дарслари жорий этилади.
Ушбу фанларнинг жорий қилиниши ёш авлодда ҳозирги замон талабига мос кўникмаларни эрта эгаллаш, келгусида ушбу фанларга оид касб эгалари бўлишида кўмак беради.

Маълумот учун: бу йил мактаб дарсликларига бюджетдан 920 миллиард сўм ажратилди. Бошланғич синфлар учун тўлиқ янги дарсликлар ишлаб чиқилди.
Яна бир муҳим жиҳат – тасдиқланган ўқув дастурларига қўшимча янги фанларни киритиш тақиқланади. Яъни, эндиликда барча янги таклифлар мавжуд фанларга интеграция қилиниб, тайёрланади.
Шунингдек, барча фанларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик ғоялари тарғиб қилиниши шарт. Бу эса етук авлодни шакллантиришда алоҳида аҳамиятга эга.
ЎзА