Ўқитувчилик – масъулият: қишлоқ муаллимасининг ютуқлари
Бухоро вилояти Когон туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Биллура Икромова берилаётган имкониятлар унумли фойдаланиб келаётган шижоатли, серғайрат ва ташаббускор ўқитувчилардан бири.
Илгарилари мактаб ўқитувчисининг жаҳонга чиқиши, ўзини кўрсатиши, ютуқларга эришиши эртакдек бир гап эди. Аммо бугун юртимизда бошқа соҳалар қатори халқ таълими тизимида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар, берилаётган имкониятлар туфайли кечаги эртаклар ҳақиқатга айлангани рост.
Изланувчан ўқитувчи ёки иқтидорли ўқувчининг халқаро, жаҳон миқёсида эътироф этилаётгани, натижа кўрсатаётгани ҳақида тез-тез эшитамиз. Иш бошлаганига 9 йил бўлган ташаббускор ва тиришқоқ муаллима ҳам салмоқли ютуқларга эришган.
Кейинги 2 йил унинг фаолиятида жуда сермаҳсул давр бўлди. 2020-2021 ўқув йилида у Халқ таълими вазирлиги ва Америка элчихонаси ҳамкорлигидаги ESN лойиҳасида иштирок этди. 2 минг АҚШ доллари қийматига эга TESOL сертификатини қўлга киритди. Fulbright дастури асосида АҚШнинг етакчи университетларидан бирида малакасини ошириб келиш имкониятини берувчи имтиёзли грант соҳиби бўлди. Халқаро инглиз тили фани ўқитувчилари олимпиадасида иштирок этди. Фахрли 3-ўринни эгаллади. Халқаро ESOL C1 сертифифатини қўлга киритди. Бундан ташқари Coursera платформасининг 10 та курси ҳамда АҚШ George Mason университетининг ТЕТЕ ва National Geographic курсларида ўқиб, халқаро сетификатларга эга бўлди.

Америка элчихонаси ҳамкорлигида TCCP курсининг Бухоро ва Навоий вилоятлари координатори сифатида фаолият олиб борди.
Бугун Биллура Икромова илғор тажрибага эга олий тоифали ўқитувчи сифатида вилоятда ўз ўрнига эга педагоглардан бири.
– Меҳнати рағбат топиши кишини янада масъулият билан ишлашга ундайди, – дейди Биллура Икромова. – “Мустақилликнинг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирландим. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан эълон қилинган “30 йилликка 30 та мукофот” танловида ғолибликни қўлга киритдим. “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотландим. Изланишда давом этаман. Бор билимимни ёш авлодни тарбиялашга сафарбар этиб, Ўзбекистон муаллимлари ҳам ҳеч бир давлат муаллимларидан кам эмаслигини намоён этаман. Орзуларим бисёр. Мен бугун битта ютуққа эришган бўлсам, ёш авлод, ўқувчиларим икки ҳисса кўпроқ ютуқларга эришиши йўлида бор кучим, имкониятим, билимимни ишга соламан.
Юксак мақсадларни кўзлаган муаллима бугун ҳам изланишда.
Зариф Комилов, ЎзА