Ўқитувчи-магистрларга 2-тоифа аттестация имтиҳонисиз берилади
Бугунги кунда таълим тизимида ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш ва уларни моддий рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Хусусан, сўнгги йилларда магистратура босқичини тамомлаган ёш мутахассисларни мактабларга жалб этиш мақсадида уларга аттестациясиз, тўғридан-тўғри малака тоифаси бериш тартиби жорий этилди. Бироқ, бу имтиёз амалиётда кўплаб педагоглар орасида турли савол ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаева бу борада қуйидагича тушунча берди:
–Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган "Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги низомига кўра, магистр даражасига эга мутахассисларга иккинчи малака тоифаси тўғридан-тўғри берилади. Фақат қуйидаги талабга жавоб бериши лозим.
Жумладан, низомнинг 10-банди учинчи хатбошисига кўра, илгари аттестациядан ўтмаган ёки олий таълим ташкилотини битириб биринчи бор ишга кирган, магистр даражасига эга педагог кадрларга - иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими) аттестациядан ўтказилмасдан берилади.
Ушбу асосга кўра, сиз аввалдан мактабда ишлаб келаётган бўлсангиз, лекин ҳалигача аттестациядан ўтмаган бўлсангиз магистратура босқичини тамомлаганингиздан сўнг сизга "иккинчи малака тоифаси" берилади. Низомнинг 32-бандига кўра, сиз ушбу тоифани олиш учун педагог магистратура дипломи асосида давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мурожаат қилишингиз зарур. Ариза 20 кун ичида (зарурат бўлса, бир ойгача) кўриб чиқилиб, ижобий қарор бўлса QR-кодли сертификат берилади.
Хулоса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, илгари аттестациядан ўтмаган ёки янги ишга кирган педагог ходим магистратурани тамомласа, унга қонунда белгиланган тартибда иккинчи малака тоифаси тўғридан-тўғри, яъни аттестация имтиҳонисиз берилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА