Бир мактуб уйғотган туйғулар: ислоҳотлар билан ёнма-ён улғаяётган авлод
Фарзандим ўн икки ёшда. У мамлакатимиздаги ислоҳотлар, катта янгиланишлар билан ёнма-ён улғайяпти. Юртимиз кун сайин чирой очиб, дунё саҳнига чиқиб бораётганидек, ўғлимнинг ҳам бўйи чўзилиб, ёшига ёш, ақлига ақл қўшилмоқда.
Мақсадлари сари ҳар куни бир қадам ташлаб, келажагига пойдевор қураётир. Баъзан унга “Ўғлим, сен ва тенгқурларинг қадами теккан манзил обод бўлиб кетади-я”, деб қўяман. Бу бир меҳрибон онанинг фарзандини эркалатиб айтган сўзлари, албатта. Лекин ана шу эркалаш замирида катта маъно ва ҳақиқат бор. Бу мен ва фарзандим, оилам, яқинларим ҳаётида сезилаётган ислоҳотлар нафаси.
Давлатимиз раҳбарининг суюкли набираси Шавкатбекка ёзган мактубини ўқиганимда яна шундай ҳисларни туйдим. Шукрона тўла ҳаётим, рўзғорнинг ширин ташвишлари, кичик оиламнинг катта мақсадлари, оналик масъулияти, фарзандимнинг бахтли болалиги...
Биз яшаётган манзил. Бугун бу ер ҳақиқий обод ва файзли гўшага айланган. Маҳалламизга давлатимиз раҳбари ташриф буюриб, одамларнинг яшаш шароити, ҳудуд ободлиги билан яқиндан танишган эдилар. Ана шу эътибордан сўнг кўчаларимиз, ҳовлиларимизга янада файз кирди.

Ўғлимнинг болалиги ҳам худди шу янгиланишлар билан уйғун кечмоқда. У борадиган боғча чиройли қилиб янгиланди, шароитлари ўзгарди. Кейин туманимиздаги айрим фанлар чуқур ўқитиладиган умумий ўрта таълим мактабига борди.
Бир вақтлар қурилган эски бино ўқувчиларга торлик қилиб, шарт-шароитлари ҳам замон талабларига жавоб бермай қолганди. Президентимизнинг ушбу таълим муассасасига ташрифларидан сўнг салкам минг ўринли замонавий янги мактаб қад ростлади. Мактубда “Сизлар мактабда яхши ўқиб, ақлли, билимдон бўлиб вояга етишингиз учун ҳам дунё кезишимга тўғри келади”, деб ёзилганидек, ўғлимнинг ушбу янги мактабда ўқиётганини кўриб, бунинг ортида қанча меҳнат ва ғамхўрлик борлигини юракдан ҳис қиламан.
Она учун фарзандининг соғлиғи ҳамма нарсадан муҳим. Ўзимизнинг 7-оилавий поликлиникадаги ўзгаришларни кўрганда, очиғи, жуда хурсанд бўламан. 1969 йилда қурилган бу бино саккизта маҳалладаги 41 мингдан ортиқ аҳолига хизмат қилади. 2022 йилда у тубдан янгиланди. Замонавий, муҳташам кириш эшиклари ўрнатилди, кенг ва ёруғ кутиш зали барпо этилди. Икки қаватли бино бўлса-да, лифт ўрнатилганини кўриб, айниқса ёши улуғлар ва ёш болали оналарнинг оғири енгил бўлганини ўйлайман. Янги рентген ва текширув ускуналари, оналар ва болалар учун алоҳида хоналар, 60 ўринли кундузги стационар...
Ҳар сафар бу ерга келганимда ҳам давлатимиз раҳбарининг меҳрини, ғамхўрлигини қалбан ҳис қиламан.

Айтганча, ўтган йили ўғлим танлов асосида Республика олимпия захиралари теннис мактабига қабул қилинди. Бу ерда ҳам жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, янги кортлар қурилди. Меҳмонхона, ошхона, ётоқхона сингари объектларнинг барчаси замон талабига мослаштирилди, машғулот заллари тубдан янгиланди. Теннис спортини ривожлантиришга қаратилган Президент қарорлари, мактаб фаолиятини замонавий бошқарувга ўтказиш, ёшларга берилаётган эътибор ва халқаро майдонларга йўл очилаётгани фарзандларимизнинг келажагига қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир.
Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, қайси маҳалла, мактаб ёки шифохонага кирманг, ана шундай янгиланиш нафасини сезасиз. Фарзандларининг ёшлиги юртимиздаги ўзгаришларнинг энг қизғин палласига тўғри келган мен каби миллионлаб оналарнинг қалби меҳрдан, муҳаббатдан тўлиб-тошади. Меҳр-муҳаббатда улғайган боланинг қалби пок, нияти соф, ишончи баланд, қадамлари дадил, мақсадлари улкан, келажаги порлоқ бўлади.

Мактубда ёзилганидек, шароит ва имконият бор, лекин инсоннинг камол топиши ўзига, иродасига, меҳнатига ва вақтнинг қадрига етишига боғлиқ. Телефон ва гаджетлар кўпайган бугунги кунда ўғил-қизларимизни китобга, ўқишга, ҳалол меҳнатга ўргатиш биз оналарнинг энг катта вазифамиздир. Токи фарзандларимизнинг қадами теккан жой обод ва файзли гўшага айлансин. Чуқур билими, кенг дунёқараши, қатъий иродаси билан Янги Ўзбекистонимизни янада юксалтирсин!
Моҳигул Қосимова,
ЎзА шарҳловчиси