Оқибатни эътиборсиз қолдириб бўлмайди
Ҳолливуд фильмларида қарзлар гирдобига тушиб, уй-жойидан айрилган, кейин эса кўчада қолган одамларни кўп кўрганмиз. Баъзан бундай воқеаларни биздан жуда олисдаги ҳаёт манзараси деб қабул қиламиз. Аммо ҳаётдаги айрим воқеалар шуни кўрсатадики, ҳуқуқий жиҳатдан ўйланмаган бир қарор, оғзаки ишончга берилган бир қадам ёки молиявий муаммони тез ҳал қилиш истаги инсонни кутилмаган оқибатлар қаршисида қолдириши мумкин.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида юзага келган ушбу ҳолат ҳам ана шундай жиддий ўйланишга ундайди. Бу ерда гап фақат бир уй, бир оила ёки икки фуқаро ўртасидаги низо ҳақида эмас. Масаланинг замирида қарз муаммоси, уй-жойни тасарруф этиш, нотариал расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси, суд ҳукми ва унинг ижроси каби бир-бири билан чамбарчас боғлиқ масалалар турибди. Энг муҳими эса — бу воқеа ҳар бир инсонга ҳуқуқий жиҳатдан ўта муҳим саволни беради: молиявий муаммони ҳал қилиш учун уй-жой билан боғлиқ битим тузилаётганда, унинг кейинги оқибатлари ҳақида етарлича ўйлаяпмизми?
Беш йил аввал Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро ўз яшаб турган уйини ўзаро келишув асосида 26 минг АҚШ долларига сотади. Олди-сотди шартномаси нотариал тартибда расмийлаштирилади.
Бироқ битимдан кейин у мазкур уйда вақтинча яшаб туриши, олти ой ичида уй-жойни бўшатиши ҳақида келишилади. Орадан олти ой ўтади. Аммо уй эгаси ҳали бошқа яшаш жойи топилмаганини айтиб, яна бироз муддат беришни сўрайди. Кейин эса вазият янада мураккаблашади — уйни бўшатиш ўрнига эшикни ҳам очмасдан, ундан чиқмаслигини билдиради. Шундан сўнг уйни сотиб олган фуқаро ўзининг мулкий ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилади. Суд ҳужжатига кўра, жавобгар фуқаро И.К. зиммасига даъвогар С.Г. номидаги уйдан ўзига тегишли мол-мулклари билан чиқиб кетиш мажбурияти юкланади.
Энг муҳим жиҳати шундаки, ушбу қарор устидан берилган шикоятлар ҳам қаноатлантирилмайди. Яъни низо суднинг кейинги инстанцияларида ҳам кўриб чиқилиб, қарор ўзгаришсиз қолади. Шундан сўнг масала суд залидан Мажбурий ижро бюросига ўтади.
Суднинг қонуний кучга кирган ҳужжати ижро учун Мажбурий ижро бюросининг Ғиждувон тумани бўлими иш юритувига келиб тушади. Ижро иши қўзғатилиб, қарздорга суд ҳужжатининг мазмун-моҳияти тушунтирилади ва уни ихтиёрий равишда бажариш учун муддат берилади. Бироқ бу билан муаммо ҳал бўлмайди. Ижро ҳаракатлари давомида фуқаро бир неча бор огоҳлантирилади. Аммо у суд қароридан норозилигини рўкач қилиб, уни бажаришни пайсалга солиб келади. Бу орада иккинчи тараф ҳам Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилиб, қонуний кучга кирган суд қарорининг ижросини таъминлашни сўрайди.
Бу ерда бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлаш лозим: суд қарорига рози бўлмаслик — уни бажармаслик ҳуқуқини бермайди. Агар шахс суд қарорини нотўғри деб ҳисобласа, қонун доирасида белгиланган тартибда юқори инстанцияларга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Аммо суднинг барча белгиланган босқичларидан ўтган қарор қонуний кучга кирганидан кейин уни бажариш мажбурий ҳисобланади. Акс ҳолда, адолатнинг ўзи ижросиз ҳужжатга айланиб қолиши мумкин.
Ижро ҳужжати талабини бажармагани учун қарздорга нисбатан маъмурий чора ҳам қўлланилади. У Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198¹-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари — 2 миллион 60 минг сўм миқдорида жаримага тортилади. Шу билан бирга, унга маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам суд ҳужжати талабини бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги тушунтирилади. Бироқ бу огоҳлантириш ҳам натижа бермайди. Шундан сўнг фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 232-моддаси 1-қисми билан суд ҳужжатини ижро этмаслик ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, иш айблов далолатномаси билан судга юборилади. Бу ҳолатда масала энди оддий маиший низо доирасидан чиқиб, қонун талабларини бажариш билан боғлиқ жиддий ҳуқуқий жараёнга айланади. Суриштирув жараёнида фуқаро ўз ҳолатини тушунтириб, ўғли фуқаролардан катта миқдорда қарздор бўлиб қолгани, унинг қамалиб кетмаслиги учун яшаб турган уйини олди-сотди шартномаси орқали расмийлаштириб берганини маълум қилади.
Кейинчалик эса ўғли содир этган жинояти учун қамоққа олинган. Уй сотилган. Суд бўлган. Қарор чиқарилган. Шикоятлар берилган. Аммо энди олдида битта оғир савол турибди: “Мен қаерда яшайман?” Фуқаро ўзининг бошқа уй-жойи йўқлигини, оиласи билан яшаш учун бошқа жой топа олмаслигини билдирмоқда. Бу гапни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Чунки қонун талаби бир томонда бўлса, инсоннинг тақдири иккинчи томонда турибди. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун устуворлиги сақланиши керак. Зеро, бир шахснинг муаммосини ҳал қилиш учун бошқа шахснинг қонуний мулкий ҳуқуқини чеклаб бўлмайди.
Бюро ходими айбдорми? Шу каби ҳолатларда ижтимоий тармоқларда турли муносабатлар пайдо бўлиши мумкин. Кимдир: “Кекса одамни уйидан чиқаряпти” дейди. Яна кимдир давлат ижрочиларини танқид қилади. Бошқа биров эса: “Унинг борар жойи йўқ-ку” дея савол қўяди. Бу саволларнинг ҳар бири инсон нуқтаи назаридан тушунарли. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Уйни қонуний равишда сотиб олган фуқаронинг ҳуқуқи-чи? У пул тўлаган. Нотариал шартнома тузган. Судга мурожаат қилган. Бир неча босқичда ўз ҳақлигини ҳимоя қилган. Энди суд қарори ижросини талаб қилмоқда.
Шундай экан, Мажбурий ижро бюроси ходимларидан суднинг қонуний кучга кирган қарорини ижро этишни талаб қилиш — уларнинг шахсий хоҳиши эмас, балки қонун билан юклатилган вазифа. Шунинг учун давлат ижрочисини суд қарори ижросини таъминлаётгани учун айблашдан аввал масаланинг ҳуқуқий моҳиятини чуқур англаш зарур.
Бу воқеа кимларга сабоқ бўлиши керак? Ушбу ҳолатда энг катта сабоқ, эҳтимол, ҳали содир бўлмаган бошқа кўплаб фожиаларнинг олдини олишдадир. Қарз — жиддий масала. Уй-жой эса инсон ҳаётидаги энг муҳим мулклардан бири. Шунинг учун қарздорликни бартараф этиш мақсадида уй-жойни сотиш, бошқа шахс номига расмийлаштириш, гаровга қўйиш ёки қандайдир оғзаки келишувга асосланиб мулк ҳуқуқини ўзгартиришдан олдин унинг барча ҳуқуқий оқибатларини чуқур ўрганиш лозим.
Бугунги кунда давлат раҳбари томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда инсон қадрини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эътиборнинг моҳияти ҳам шунда — инсон ўз ҳуқуқини билиши, қарор қабул қилишдан олдин унинг оқибатини англаши ва муаммони қонун доирасида ҳал этишга интилиши керак. Ҳуқуқий саводхонлик баъзан бир инсоннинг бутун тақдирини ўзгартира олади. Энг ачинарлиси, айрим инсонлар молиявий қийинчиликка дуч келган пайтда тез ва осон ечим излайди. “Ҳозирча шу ишни қилиб турай, кейин нима бўлса бўлар” деган фикр билан уйини гаровга қўяди. “Ишончли одам-ку” деб мулкини бошқа бировнинг номига расмийлаштиради. “Кейин яна қайтариб оламан” деб битим тузади. Аммо қонун “кейин” деган тушунчани эмас, расмийлаштирилган ҳужжатни тан олади.
Шунинг учун ҳар қандай олди-сотди ёки мулкий битимни имзолашдан олдин унинг ҳар бир бандини тушуниш, зарур бўлса, малакали ҳуқуқшуносдан маслаҳат олиш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ билиш ниҳоятда муҳим. Бир имзо баъзан бир неча йиллик тақдирни белгилаб қўйиши мумкин.
Ғиждувондаги ушбу воқеа ҳали якунига етмаган ҳуқуқий жараённинг бир кўриниши. Суднинг якуний қарорлари ва ижро жараёнларига ҳуқуқий баҳо бериш тегишли ваколатли органлар зиммасида. Аммо воқеадан чиқариладиган сабоқ бугундан аниқ. Уй-жой — оддий мулк эмас. У инсоннинг бошпанаси, оиласининг осойишталиги, фарзандларининг хотиржамлиги. Шу боис юртдошларимизга бир оддий, аммо жуда муҳим тавсияни яна бир бор эслатиш жоиз: Қарз муаммосини ҳал қилиш учун уй-жойингизни ўйламасдан гаровга қўйманг. Мулкингизни бошқа шахс номига шошма-шошарлик билан расмийлаштирманг. Ҳар қандай битимнинг ҳуқуқий оқибатини аввал ўрганинг. Йўқса, пушаймон бўлишингиз ҳеч гап эмас.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири