Оқдарёдан Қорамойгача
Ислоҳотлар аҳамиятсиз бўлмайди. Масалан, Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши, товар айланмасидаги рекорд натижалар, янги қурилган корхоналарда яққол кўринади. Худди шу каби халқ дипломатияси борасидаги ислоҳотлар ҳам ундан кам бўлмаган миқёсдаги ижобий ўзгаришларга олиб келди. Бўлмаса, Самарқанднинг Оқдарё тумани қаёқда-ю, Хитойнинг Қорамой шаҳри қаерда эди. Бугун улар биродарлашгани туфайли борди-келди йўлга қўйилди. Дастлаб маъмурий амалдорлар, кейин тадбиркорлар, навбатда ижтимоий соҳа, санъат, маданият, ОАВ ходимлари турибди.

Қорамойда «Нефть шаҳри – учрашувлар, саёҳат ва дўстлик маскани» шиори остида II Халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унинг ишида Самарқанд вилоятининг Оқдарё тумани ҳокими ўринбосари Элбек Жонибеков бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

– Биз барчамиз ягона тақдирли инсонлармиз. Шундай экан, дўстликни асраш, уни келгуси авлодларга етказишга ҳар биримиз масъулмиз, – деди Хитой компартияси Қорамой шаҳар қўмитаси котибининг ўринбосари Ван Бин. – Шу маънода айтсак, биз ўзбекистонлик дўстларимиз, биродарлашган Оқдарё аҳли билан рақиб эмас, ҳамкормиз. Ютуқ ва кучимизни бирлаштирсак, улкан натижаларга эришишимиз шубҳасиз.

Анжуманда сўзга чиққанлар орасида Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари журналистлари ҳам бор эди, биродарлашув иқтисодий имкониятлар яратиш билан бирга халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

– Оқдарё тумани илгари фақат аграр соҳага ихтисослашган эди, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Элбек Жонибеков. — Ҳозирга келиб у саноатлашган, илм-маърифат марказларидан бирига айланган туман бўлиб қолди. Қорамой шаҳридаги учрашувлар чоғида ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этишга келишиб олдик. Айниқса, нефть ва газ саноати йўналишида янги иш ўрни ва қўшимча қиймат яратадиган хом-ашё ва қайта ишлаш тизимини барпо этиш юзасидан баённомалар тузяпмиз.

Оқдарё делегацияси Қора мой тоғи, Пекин нефть университетининг Қорамой кампуси ва шаҳарнинг маданий-маърифий манзиллари билан танишдилар.

Ўзбекистоннинг Оқдарё тумани ва Хитойнинг Қорамой шаҳарлари биродарлашуви Президентнинг сиёсий иродаси туфайли олиб борилаётган мамлакат очиқлик сиёсатининг яна бир ёрқин натижасидир.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА
Хитой, Қорамой шаҳри.