Оқ уй Эронга қарши қандай йўл тутишни билмаяпти
Оқ уй республикачиларнинг сайловдаги мағлубиятидан сўнг Эронга нисбатан ёндашувни белгилай олмаяпти, дея хабар тарқатган “Wall Street Journal” манбаларга таяниб.
Нашр ёзишича, баъзи амалдорлар Президент Дональд Трампни ваколати муддати тугашидан олдин тинчликка эришиш учун Эронга қарши яна зарба беришга ундамоқда.
– Айримлар Трамп йўқотишни тан олиши ва ҳарбий амалиётни қисқартириши керак, деб ҳисоблайди, – дейилган мақолада.
Демократларнинг Сенатдаги етакчиси Чак Шумер сайловдаги ғалабадан сўнг партиядошлари билан Эрон можаросини тугатишга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, баъзи республикачилар ҳам шу ниятга қўшилади.

Конгрессда кўпчиликни ташкил этган демократлар энди Трампнинг қонунчилик кун тартибини тўхтатиб қўйиш, маъмурияти бўйича тергов ўтказиш ва ҳукумат харажатини чеклаш имконига эга бўлади. Сенат назорати эса Президент томонидан кўрсатилган ҳукумат лавозимларига тайинловларни тўхтатиш ваколатини ҳам беради.
“TD Cowen” тадқиқот гуруҳи мудофаа таҳлилчилари фикрича, республикачилар Конгрессда кўпчилик ўринни йўқотиши сабабли, Америка етакчисининг қатор асосий ҳарбий лойиҳалари, жумладан “Олтин гумбаз” ракетага қарши мудофаа тизими ва “Олтин флот” дастури қисқартирилиши ёки музлатилиши мумкин.

Таъкидланишича, 1 ярим триллион долларлик мудофаа бюджетини тасдиқлаш истиқболи ҳам сўроқ остида. Энди мазкур ташаббусни оддий кўпчилик овоз билан тезда тасдиқлаш механизми ишламайди.
Бундан ташқари демократлар ғалабаси Эрон амалиёти бўйича кенг кўламли тергов ва Пентагон раҳбари Пит Хегсетга импичмент эълон қилиш эҳтимолини кучайтиради.
Сентябрь ойи охирида Эрон Қўшма Штатларга денгиз қамали ва экспорт чекловини бекор қилиш эвазига Ҳурмуз бўғозини очиш бўйича етти кунлик режа тақдим этган, Трамп эса таклифни рад этган эди.
С.Раҳимов, ЎзА