Қонунчиликдаги янгиликлар муҳокама қилинди
Бу ҳақда Адлия вазирлигида қонунчиликдаги янгиликларга бағишланган тадбирда маълумот берилди.
Жорий йил 1 апрелдан бошлаб фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.
Бу ҳақда Адлия вазирлигида қонунчиликдаги янгиликларга бағишланган тадбирда маълумот берилди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги “Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори моҳияти ҳақида айтилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинади. Наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритилади.
2020 йил 1 мартгача давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган автоматлаштирилган электрон ахборот тизими ишлаб чиқилади.
Тадбир доирасида ташкил этилган брифингда жорий ҳафтада қабул қилинган 10 га яқин қонун ҳужжати ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистоннинг 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, “Гаров тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишга кўра, бирламчи бозордан кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олиш чоғидаги ипотека ва гаров тўғрисидаги шартномаларнинг нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди.
Шунингдек, “Нотариат тўғрисида”ги қонун хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус, нотариал палатага оид нормалар билан тўлдирилди. Жумладан, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ўз идорасига эга бўлишга, банк ҳисобварағи ва бошқа шахсий ҳисобварақлар очишга, мулкий ҳамда шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлишга ҳамда мажбуриятларни ўз зиммасига олишга, ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишга, судда ўз номидан иштирок этишга ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақлидир.
Брифингда, шунингдек, Президентимизнинг "Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони, "Ўзбекистоннинг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, "2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасидаги ташкилотларда аутсорсинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорлари ҳақида тушунтириш берилди.