Онанинг кўз ёши қалбларни титратади
Аммо кўча тасодифларга тўла. Инсон кутилмаганда турли кўнгилсиз ҳолатлар билан юзма-юз бўлиши ҳеч гап эмас.
Асрлар мобайнида сайқалланиб келаётган миллий менталитетимизга кўра, онага ҳурмат кўрсатиш, онани эъзозлаш халқимизнинг миллий қадриятлари даражасига кўтарилган. Боиси миллат келажаги, баркамол авлодлар тарбияси волидаи муҳтарамаларимиз қўлида бўлади. Шу сабабли оналар тинч оилалар хотиржам, оилалар фароғати эса жамият тинчидир.
Аммо кўча тасодифларга тўла. Инсон кутилмаганда турли кўнгилсиз ҳолатлар билан юзма-юз бўлиши ҳеч гап эмас. Оилавий тарбия, билим, сабр ва ирода инсонни бундай кутилмаган фалокатлардан асрайди.
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи К. Муҳиддин (исм-шарифлар ўзгартирилган) машина бошқариб бораётганида йўлни кесиб ўтаётган уч-тўрт чоғли йигитлар турли гаплар билан унинг асабини бузишди. Бундан ғазабланган ҳайдовчи машинани тўхтатиб, йигитлар йўлини тўсди ва оғзаки тортишув даҳанаки муштлашувга айланди.
Оналар ҳар қандай шароитда ҳам меҳрибон. Маҳаллага кечки сайрга чиққан уч нафар аёллар жанжаллашаётганларни ажратиб қўйишди. Ҳайдовчига кучи етмаслигини англаган уч нафар йигитлар бир зумда жуфтакни ростлаб қолишди. Хумори босилмаётган ҳайдовчи аламини кимдан олишни билмай, ўз йўлида кетаётган аёлларни тўхтатди.
– Болалар қаёққа ғойиб бўлди,-деди аёллардан бирини ўзига қаратган Муҳиддин. – Менга уларни топиб берасизлар. Бу зумрашаларга отаси тенги одам билан жанжаллашиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўйишим керак.
– Кап-катта одам уялмайсизми? Бизни тинч қўйинг! – дея бир неча фарзанднинг онаси Зарифа йўлида давом этмоқчи бўлди.
Аммо Муҳиддин ғазаб билан аёлни ўзига қаратмоқчи бўлиб тортди ва кутилмаганда Зарифа опа ерга йиқилиб тушди. Бу ҳолатни кўрган ва эркакнинг нафратидан қўрқиб кетган икки аёл дод-вой солиб югуришди. Шовқиндан Зарифа опанинг турмуш ўртоғи уйдан кўчага югуриб чиқиб, воқеа жойига етиб келди. Шу орада дўстларидан бири Зарифа опанинг устахонада ишлайдиган ўғли Содиқжонга телефон қилиб, онаси кўчада ерда йиқилиб ётганини айтади. Юрагига ғулғула тушган Содиқжон устахонадан катта кетмон сопини олиб воқеа жойига югурди. Не кўз билан кўрсинки, онаси ерда юзтубан ётар, отасининг уни турғизишга бўлган уринишлари бесамар кетаётган эди.
– Ука, мени кечиринг! – деди Муҳиддин айбдорона. – Жаҳл устида билмай онангизни уриб қўйдим...
– Нима дединг, ифлос!
Кўзига қон тўлган Содиқжон ҳайдовчига ташланиб, ҳалиги кетмон сопи билан унинг оёқларига ура бошлади.
Вазият янада қалтислашиши мумкинлигини тушунган Содиқжоннинг отаси ўғлини тинчлантиришга уринди. Кутилмаганда содир бўлган ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб, суриштирув ишлари олиб борилди ва А. Содиқжонга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Яқинда Жиноят ишлари бўйича Бешариқ тумани суди Олтиариқ тумани “Навқирон” маҳалла фуқаролар йиғинида очиқ сайёр суд мажлисини ўтказди. Воқеа иштирокчилари, гувоҳлар, жабрланувчи ва гумондор шахс кўрсатмалари, воқеа тафсилотлари батафсил ўрганилди. Иш бўйича барча ҳолатлар ўрганилгач, жабрланувчининг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги инобатга олинди. Суд қарорига кўра А. Содиқжон айбли топилган бўлсада, инсонпарварлик тамойилидан келиб чиқиб, жазодан озод қилинди.
Аслида бундай хатти-ҳаракатни оқлаб бўлмаса-да, суд жараёни иштирокчиларининг эътирофи бўйича онасининг ҳимояси учун шундай ишга қўл урган ўғилнинг қилмиши волидаи муҳтарамаларнинг ҳурмати учун кечирилди. Бу кейинги йилларда судларда оқлов жараёни кенгайиши билан боғлиқ ҳаётбахш ислоҳотларнинг амалдаги яна бир тасдиғидир.
Фурқатжон СОБИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ тумани суди раиси