Она-замин дарди театр кўзгусида
Танасига болта ёки арра теккан дарахтларнинг оғир изтиробини, фарёдини зирқираётган уларнинг навдалари, қақшаб-титраётган барглари ҳасрат билан сўзлайди...
Табиатни асраш, атроф-муҳит ва борлиққа нисбатан одамийлик ҳамда юксак даражада маданият билан муносабатда бўлиш ҳаётимиз бардавомлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Таниқли адиб ва драматург Қўчқор Норқобилнинг “Дарахтларнинг маҳзун қўшиғи” асари асосида яратилган спектаклни мухлислар катта қизиқиш билан кутиб олди.
Бугун одамлар онгида экомаданиятни юксалтириш, яшил оламни асраш масаласи адабиёт ва санъатимизда ҳам долзарб мавзуга айланди. Бу борада театр санъати жамиятнинг энг оғриқли нуқталарини кўрсатиб берувчи ва инсониятни мушоҳадага чорловчи кўзгу вазифасини ўтамоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат академик мусиқали театрида таниқли адиб ва драматург Қўчқор Норқобилнинг “Дарахтларнинг маҳзун қўшиғи” асари асосида саҳналаштирилган спектакль премьераси бўлиб ўтди. Драмани истеъдодли режиссёр Марқабай Усенов саҳналаштирган.
Спектаклнинг ўзига хос томони шундаки, мазкур саҳна асари томошабинларга икки тилда — ўзбек ва қорақалпоқ тилларида намойиш этилади. Бундай ўзига хос икки тиллилик лойиҳаси нафақат санъатнинг қамровини кенгайтиради, балки умумий экологик муаммоларга қарши курашда икки халқнинг маънавий бирдамлигини ҳам ифодалайди. Айниқса, экологик инқирозлар оғриғини қалбидан ўтказган ушбу заминда мазкур мавзунинг янграши рамзий маънога эга.

Саҳнадан таралаётган ҳар бир сўз томошабин юрагига худди она заминнинг фарёдидек аччиқ ва таъсирли етиб борди. Икки халқнинг санъат тилида бирлашиши эса умумий уйимиз бўлмиш табиатни асрашда ҳеч қандай чегаралар йўқлигини яна бир бор исботлади.

Спектаклда она-табиатга етказилаётган зарар, айниқса, тириклик тимсоли дарахтларнинг увол ва заволидан қўрқмайдиган айрим кимсаларнинг шафқатсизлиги, бу хатти-ҳаракатлар оқибатида пайдо бўлаётган турли хил мусибатлар ҳаётий ҳақиқатлар орқали таъсирчан акс эттирилган. Асарда бугунги куннинг глобал муаммоси — дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ва бунинг ортидан келаётган иқлим фожиалари бадиий бўёқларда маҳорат билан очиб берилган. Саҳнадаги ҳар бир лавҳа томошабинга яшил дунёнинг ҳар бир япроғи инсоният учун берилган бебаҳо неъмат эканлигини уқтиради.

Инсон ўзининг моддий манфаатлари йўлида яшил оламга болта урар экан, аслида ўз келажагининг илдизини қирқаётганини англаб етмоғи лозим. Драматург ушбу аччиқ ҳақиқатни бадиий тимсоллар орқали фалсафий ва баланд пардаларда очиб беришга муваффақ бўлган.
Кескин тўқнашув ва зиддиятлар асосида қурилган ва рамзий кўринишлар орқали ҳавола этилган воқеликлар ривожида томошабинлар табиатни тириклик манбаи, она-замин бағрида кўкка бўй чўзган дов-дарахтлар ҳам жонли мавжудот эканлигини ҳис қилади. Дарахтларнинг ҳасратли ва мунгли қўшиқларини тинглайди. Дарахтлар тилидан янграган мунгли наволар аслида она-табиатнинг инсоният меҳрибонлигига умид боғлаб айтаётган дарду ҳасратидир. Бу жараёнлар ҳар бир томошабинни ўз қилмишлари ва атроф-муҳитга бўлган лоқайдлиги атрофида чуқур ўйланишга мажбур қилади.

Яшил оламнинг тилсиз гувоҳлари бўлган дарахтлар саҳнада тилга кириб, гўёки бутун инсониятни инсоф ва диёнатга чақиргандек бўлди.
Турли тақдир ва характерлар акс этган образларни театрнинг маҳоратли актёрлари маромига етказиб ижро этган. Ижрочиларнинг юксак маҳорати сабаб, залда ўтирганлар шунчаки кузатувчи эмас, балки табиат оғриқларини ўз вужудида ҳис қилган дардкашга айланишди. Ҳар бир қаҳрамоннинг ички кечинмалари томошабин қалбининг туб-тубига кириб бориб, унда атроф-муҳитга нисбатан меҳр ва масъулият туйғусини уйғотади.

Актёрларнинг дардли нигоҳлари, ички изтироблари ва ҳаётий ижроси залда ўтирган ҳар бир инсоннинг қалб торларини чертиб ўтди.
Ғоят таъсирли ва ҳаяжлонли кечган спектакль намойишидан сўнг саҳнага чиқиб сўзлаган санъатимиз дарғалари, соҳа мутасадди ва мутахассислари мазкур спектаклни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан ҳамкорликда юртимизнинг барча ҳудудларида мухлисларга тақдим этилишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.

Бу каби юксак ижтимоий ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган асарларнинг кенг оммалаштирилиши жамиятимизда «яшил фикрлаш» тарзини шакллантиришда катта туртки бўлади. Зеро, табиатга бўлган муносабатимизни тубдан ўзгартирмасдан туриб, келажак авлодларга обод ва соғлом турмуш маконини қолдириб бўлмайди.

Ушбу спектаклнинг мамлакатимиз бўйлаб гастроль сафарларини уюштириш жамиятда экологик маданиятни юксалтиришга хизмат қилувчи энг эзгу ва амалий қадамлардан биридир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур спектакль шунчаки санъат асари эмас, балки инсониятни уйғоқликка ва огоҳликка чорловчи кучли даъватдир. Саҳнадан янграган бу мунгли қўшиқ заминда яшаётган ҳар бир инсон қулоғига етиб бориши ва қалбларни уйғотиши шарт.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири