Она тилим – онажоним тили бу!
Тил - инсон руҳи ва вужудининг доимий ҳаракатини таъминловчи кучдир. Тилимизнинг шавқи, жозибаси, теранлиги, фасоҳати ҳар бир оғиз сўзимизда намоён бўлади. Биз чиройли ва маъноли мулоқотимиз орқали унинг латофатини янада теранроқ ифода этамиз.
Тошкентдаги ТМС институтида ўзбек тилига давлат мақоми берилганининг 34 йиллиги муносабати билан "Она тилим - Онажоним тили бу", деб номланган анжуман ташкил этилди.

Институт проректори Баҳром Авазбоевич тадбирни очиб берар экан, унинг бугунги қадру қиммати, тарихийлиги ва ўзбек тили тил сифатида дунёнинг қайси минтақасида бўлмасин, шу тилда вояга етганлар учун азиз ва мўътабар эканлигини эътироф этди.
Байрам тадбирида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси, шоира Шарифа Салимова, "Шуҳрат" медали ва бир қанча халқаро мукофотлар соҳибаси, латофатли шоира Хосият Рустамова, "Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиби, ёш шоир ва таржимон Раҳмат Бобожонлар иштирок этишди.
Ҳар қандай тил ўз ички ва ташқи омиллари асосида бойийди. Буни 1000 йил муқаддам Маҳмуд Кошғарий бобомиз ўзининг "Девону луғот-ит-турк" асари орқали исботлаб кетган. Масалан, Кошғарийдан бизгача 268 мақол ўз ҳолатида етиб келган. Бу эса минг йил давомида тилимиздаги анчагина сўзлар ҳеч бир бузилиш ва хавф-хатарларсиз сақланаётганини билдиради. Зотан, тилимизнинг тозалигини, софлигини асраб-авайлаш ҳар биримизнинг қўлимиздадир, - деди шоира Шарифа Салимова ўз сўзларида.

Шоира Хосият Рустамова ўз шеърларидан ўқиди:
Ё Тангрим,
Сен менга куч бер,
Бер чидам –
Худди дарахтлардай кўтарайин қад.
Ичимга қор ёғиб турганида ҳам,
Мен кулиб туришим керак ҳамма вақт.
Қушлар дарахтларни айласа ҳам тарк,
Чидар.
Аёзлардан ўтар типпа-тик.
Шунда ҳам олмалар ёзаверар барг,
Шунда ҳам гуллайди бечора ўрик.
Ўргат, тошларга ҳам гапирай майин,
Аёлман!
Худойим, келтирмайин шак.
Мен ҳам дарахтлардай гуллайверайин,
Мен ҳам дарахтлардай ёзайин куртак.
Шунингдек, тадбирда ТМС институти талабалари ўзларининг шеър, қўшиқ ва рақслари билан иштирок этдилар. Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асаридан саҳналаштирилган лавҳа кеча қатнашчиларида чуқур таассурот қолдирди.
Шоир Раҳмат Бобожон таржима жараёнида тилнинг кучи ва қудрати яққол сезилиши ҳақида гапирди. Айниқса, турк ёки озарбайжон тилидан бирор шеърни таржима қилар экан, баъзан бирор сўз устида бир неча кунлаб бош қотиришга тўғри келишини таъкидлади.

Ўтган аср бошларида Абдурауф Фитрат "Тилимиз" мақоласи орқали она тилимизни ўраб олган хавф-хатар ҳақида фикр юритган эди. Тил яшар экан, ривожланар экан, хавф ҳам, хатар ҳам ҳар доим у билан бирга, қадам-бақадам юради. Фақат бизнинг вазифамиз ўзимиз алла эшитиб улғайган тилнинг жиловини ёт унсурларга бериб қўймасликдир. Инчунун, ота-онани алмашиб бўлмагани каби она тилимизни ҳам бошқа ҳеч бир тил билан тенглаштириб ёки алмаштириб бўлмайди.
Ойдин Йўлдошева, ЎзА