Она-табиатнинг бетакрор куйчиси
Пойтахтимизда Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоев таваллудининг 120 йиллигига бағишлаб “Буюк мусаввир” деб номланган бадиий кўргазма бошланди.
Мазкур кўргазма мусаввир номи билан аталувчи уй-музейида Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, ушбу музей ҳамда Тошкент Фотосуратлар уйи билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуридинов, Ўрол Тансиқбоев номидаги уй-музей директори Фарҳод Жалилов ва бошқалар миллий тасвирий санъатимиз равнақида устоз ижодкор, моҳир мўйқалам соҳиби Ўрол Тансиқбоевнинг муносиб ҳиссаси борлигини эътироф этди.
Айтиш керакки, Ўрол Тансиқбоев она-табиатнинг бетакрор куйчиси бўлган мусаввир сифатида наинки мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ном қозонган рассом эди. Мўйқалам соҳибининг “Менинг қўшиғим”, “Ангрен-Қўқон тоғ йўли”, “Тоғ манзараси”, “Иссиқкўлда оқшом” ва бошқа кўплаб асарлари тасвирий санъат ихлосмандларига яхши маълум. Унинг асарларида кенглик, гўзаллик, юртнинг бетакрор манзаралари томошабинга ўзгача кайфият ва руҳ бағишлайди. Бу асарлар мухлисларни ҳайратга солади, қувонч, ҳаяжон завқ бағишлайди.
Айтиш жоизки, 2024 йилнинг 3-17 май кунлари Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ва Франциянинг Миллий мерос институти (Institut National du Patrimoine) Тошкентдаги Ўрол Тансиқбоев уй-музейида рассомнинг 18 та асарини реставрация қилиш бўйича қўшма дастурни амалга оширди.
Ушбу кўргазмада рассомнинг 30 дан зиёд картинаси намойиш этилмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА