Ўн тўққиз ёшли Олимжон штаб назорати остида иш бошлади
Юртимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Мазкур ишларни узвий давом эттириш мақсадида Ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими жорий этилишини мониторинг қилиш Республика штаби иш бошлади.
Эндиликда мамлакатимизда тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ва мурожаатларига ечим қидираётган ёшлар муаммолари штаб томонидан мониторинг қилиб борилмоқда. Хусусан, кредит олиб, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар масаласи қандай ўрганилмоқда ва улар билан қай тартибда ишланмоқда?
– Ҳозирги вақтда ёшларимизни энг қизиқтираётган масала бу кредит олиш, – деди штабнинг масъул аъзоси, “Микрокредитбанк” АТБ бош мутахассиси Сардор Худойберганов. – Бу борада республика миқёсида ҳар бир вилоят бўйича 500 дан ортиқ шикоят йўналтирилган. Биргина Сурхондарё мисолида оладиган бўлсак, ҳозиргача 69 та мурожаат келиб тушди. Сурхондарёда мурожаатлар жиддий муаммога айланмасдан жойида ҳал қилиш ишлари олиб борилмоқда. Маълумки, вилоятларда ҳам штаблар ташкил қилинган. Кредит олишни хоҳлаган ёшларга ҳар бир банкдан ходимлар бириктирилиб, лойиҳалар бўйича курслар ташкил қилинди. Ўша курсларни муваффақиятли битирган ёшларга сертификат асосида кредитлар ажратилмоқда. Ҳар бир мурожаат чуқурроқ ўрганилиб, нима мақсадда кредит оляпти, қайси йўналиш ва қанча миқдорда, ҳаммаси бўйича батафсил маълумотлар бериб бориляпти.
Хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва бошқа турдаги йўналишлар бўйича ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиши учун 2021 йилда Термиз шаҳри ёшларига 6 миллиард 840 миллион сўм ажратилиши режалаштирилган. Шунга кўра, 1 январдан 10 февралга қадар 46 нафар ёш “Микрокредитбанк” ва “Агробанк”лар томонидан берилган 1 миллиард 819 миллион сўмни олиб, тадбиркорликни йўлга қўйишга эришди.

–Ўқишни тамомлаб, университетга киролмаганимдан кейин онамнинг маслаҳати билан кредит олиб, тикувчилик цехини очдим, – деди Термиз шаҳрида яшовчи 19 ёшли Олимжон Боймаҳмадов. – Бошида кредит олиш қийин бўлса керак, деб ўйлаб мурожаат қилишдан чўчиб юргандим. Лекин одам ҳаракат қилса, интилса, имконият ҳам бўларкан. Кредит олишдан аввал бир ҳафта ўз лойиҳам бўйича ўқидим, сертификат олдим. Сертификат асосида менга 30 миллион сўм кредит беришди. Бу пулга 4 та тикув машинаси ва яна ўз ҳисобимдан 2 та аверлог тикадиган машина сотиб олдим. Цеҳда ҳозирча 6 кишини иш билан таъминладим. Кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида яшаганим боис, янги бино қурилишини кутиб ўтирмасдан ертўладан унумли фойдаландим. У ерни таъмирлаб фаолиятимизни бошладик. Худо хоҳласа, бир-икки йилда ер олиб, цех қуриб, 30 дан ортиқ кишини иш билан таъминлаш ниятидаман.
Гулноза Бобоева, ЎзА