Оммавий диктант танлови ўтказилди
Ўзбек тилининг нуфузини юксалтириш, ходимларнинг давлат тилида иш юритиш маданияти ва ёзма саводхонлигини ошириш мақсадида Сирдарё иссиқлик электр станциясида оммавий диктант танлови ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги «Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ташкил этилган тадбир «Тилимиз — миллий бойлигимиз» бош ғояси остида, «Она тилим — фахрим, ғурурим!» шиори билан ўтказилди.

Тадбирда ўзбек тили халқимизнинг миллий ўзлиги, мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлиги ва буюк қадрияти экани алоҳида таъкидланди. Зеро, давлат тилига ҳурмат, миллий қадриятларга ҳурмат, уни пухта билиш ва амалда тўғри қўллаш эса ҳар бир фуқаронинг масъулиятидир.

Танловда корхонанинг турли цех ва бўлимларида фаолият юритаётган ходимлар иштирок этиб, ўзбек тилида саводли ёзиш, имло қоидаларига риоя қилиш ва иш юритиш борасидаги билим ҳамда кўникмаларини синовдан ўтказдилар. Бундай тадбирлар ходимларнинг тил саводхонлигини ошириш билан бирга, давлат тилининг кундалик меҳнат фаолиятидаги ўрни ва аҳамиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Танлов якунига кўра, электр цехи ходими Саида Абдураимова биринчи, техник ишлаб чиқариш бўлими ходимаси Раъно Шарипова иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўринга эса 1-қозон-турбина цехи ишчиси Хуршид Ўринбоев ва Ходимлар тайёрлаш маркази ходимаси Нозима Бердиёрова муносиб деб топилди.

Ғолибларга касаба уюшмаси томонидан эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Мазкур танлов она тилига эҳтиромни кучайтириш, давлат тилида иш юритиш сифатини ошириш ва жамоада ўзбек тилига бўлган эътиборни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим маърифий тадбирлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири