Омбудсманнинг ярим йиллик фаолияти сарҳисоби
2021 йилнинг биринчи ярмида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 9 минг 632 та мурожаат қабул қилинди.
Мурожаатларнинг 39,9 фоизи фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 30,4 фоизи ижтимоий, 24 фоизи иқтисодий, 5,1 фоизи сиёсий ва 0,4 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир. Ҳудудлар бўйича энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри аҳолисидан бўлди – 1 минг 263 та.
Мурожаатлар моҳияти ва мазмунини ўрганиш якунлари бўйича 983 нафар мурожаат этувчининг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш юзасидан кейинги чора-тадбирлар тўғрисида батафсил ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди, шунингдек, тегишлилиги бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларга 2 минг 653 та хат юборилди. Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан салкам 6 мингта мурожаат ўз иш юритувига олинди.
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, мурожаатни кўриб чиққан давлат органи белгиланган муддатларда жавоб юбориши, мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича далил-исботларни асослаши ёки рад этиши шарт. Мазкур талабларга риоя қилмаслик такрорий мурожаатлар сони ошишига олиб келади.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуннинг 16-17-моддаларига мувофиқ, Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тавсиялар берилган 22 та хулоса ҳамда 9 та тақдимнома киритилди ва уларнинг барчаси қаноатлантирилди. Бундан ташқари, судга 6 та даъво аризаси киритилган.
Омбудсман томонидан киритилган тақдимномалар вазирлик ва идораларнинг кенгайтирилган мажлисларида муҳокама қилинган. Мазкур муҳокамалар якуни бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ижро интизоми талабларини бузган ва ўз фаолиятида масъулиятсизликка йўл қўйган 77 нафар ходимга нисбатан “ҳайфсан”, 6 нафар ходимга нисбатан “жарима” интизомий жазо чоралари қўлланилган ва 5 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган.
2021 йилнинг биринчи ярмида шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш масаласи юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Омбудсман мурожаатига асосан тегишли ташкилотлар томонидан 13 та жиноий, 4 та маъмурий ва 8 та интизомий иш қўзғатилди, масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 23 та текширув ўтказилди. 16 нафар давлат идоралари ходими турли даражадаги жавобгарликларга тортилди, суд қарорларига нисбатан прокуратура органлари орқали 2 та протест киритилди ҳамда мурожаат қилувчилар манфаатларини кўзлаб жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 26 та қарор бекор қилинди.
Омбудсман ходимларини судда кузатувчи сифатида иштирок этишини сўраб ёзган мурожаатига асосан ҳисобот даврида 45 маротаба суд жараёнларида иштирок этилган.
2021 йилнинг биринчи ярмида Омбудсман манзилига фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ мурожаатлар 221 тани ташкил этди. Келиб тушган шикоятлар фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаат қилиш ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлиб, 99 та шикоятда масъул мансабдор шахслар томонидан эътиборсиз қолдирилиши, 14 та шикоятда кўриб чиқиш муддатларининг бузилиши ва 39 та шикоятда давлат органлари ва муассасалари жавобларининг мазмунидан қониқмаслик ва бошқа ҳолатлар баён этилган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича судларга деярли 98 миллион сўм меҳнат ҳақини ундиришга қаратилган 5 та даъво аризаси киритилди. 24 нафар фуқарога 345,8 миллион сўмлик меҳнат ҳақи тўланиши таъминланди, 10 нафардан ортик фуқаро ишга тикланди, 2 нафар фуқарога иш жойида меҳнат қобилиятини йўқотганлиги учун 4,4 миллион сўмлик соғлигига етказилган зарар ундирилди.
Шунингдек, фуқароларга 108 миллион сўмлик кредитларни расмийлаштиришда кўмаклашилди, мурожат этувчилар фойдасига суд қарорларида белгиланган 164,8 миллион сўмлик зарар ундирилди.
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан 9 та фуқарога уй-жой ажратилишида ёрдам берилди, тадбиркорларга 135 миллион сўмлик ортиқча тўланган солиқ тўловларини қайтариб беришда кўмак кўрсатилган.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида оилани ҳимоя қилиш билан боғлиқ 142 та мурожаат келиб тушган. Шулардан 62 тасида оиладаги зўравонлик, 5 тасида болаларнинг бошқа ота ёки онага берилганлиги, 3 тасида турмуш ўртоғининг яқин қариндошлари томонидан таҳқирланиши ва 72 тасида бошқа ҳолатлар таъкидланган.
Омбудсман ҳамда Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик гуруҳи вакилларидан иборат эксперт гуруҳи томонидан 2021 йилнинг биринчи ярмида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 71 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида икки ярим мингдан ортиқ маҳкум билан жамоавий учрашувлар ҳамда 667 нафар маҳкум билан якка тартибда суҳбат ўтказилди.
Ўтказилган мониторинг ташрифлари давомида маҳкумларни қамоқда сақлаш шароитлари, яъни яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маҳкумлар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги, таълим-тарбия бериш ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди.
2021 йилнинг биринчи ярмида Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шахслардан ҳамда уларнинг яқин қариндошларидан 1 минг 173 та мурожаат келиб тушди. Фуқаролар мурожаатларининг 492 таси суд ҳукмидан, 281 таси суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларининг боришидан шикоят қилган.
Ҳисобот даврида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолади.
Н.Насриев, ЎзА