Омбудсман: халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистонда омбудсман институти 1995 йилда МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб жорий этилган.
Мазкур институт ҳозирда Халқаро омбудсман институти, Европа, Осиё, Туркий тилли давлатлар омбудсманлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ассоциацияси ва Евроосиё омбудсманлари Альянси каби халқаро ташкилотларнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.
– 2020 йилда Миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянси томонидан Ўзбекистон омбудсмани Париж принципларига мувофиқлиги бўйича аккредитациядан ўтказилиб, унга 2021 йилдан “В” мақоми берилган, – дейди Омбудсман матбуот котиби Фотима Мадраҳимова. – Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш Вакил фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади.
Шу кунга қадар 20 га яқин хорижий омбудсманлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Марказий Осиё омбудсманлари ўртасидаги алоқалар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан жорий йилда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари омбудсманларининг I форуми орқали янада мустаҳкамланди.
Форум доирасида Марказий Осиё давлатлари омбудсманлари ўртасида икки томонлама меморандумлар имзоланди ҳамда Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Меморандумлар доирасида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича ҳам ишланмоқда. 2022 йилда чет эл фуқаролари, чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари ҳамда чет эл омбудсманлари томонидан жами 61 мурожаат келиб тушган. Шундан 26 мурожаат Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Россия федерацияси ва бошқа давлатлар омбудсманлари томонидан юборилган ва уларнинг 70 фоизга яқини ижобий ҳал этилган.
Шунингдек, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон омбудсманларига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда бўлган ватандошларимиз манфаатлари бўйича 20 дан ортиқ мурожаат юборилган.
Жумладан, шу йил 4 октябрда жиззахлик фуқаро ўғлига нисбатан Қирғизистон Республикасининг суди томонидан чиқарилган ҳукмдан норозилиги сабабли, ўғлининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраган.
Ушбу масала назоратга олиниб, Қирғизистон Республикаси Айкыкатчи (омбудсман)га хат юборилган.
Натижада мурожаатчининг ўғли сақланаётган тергов ҳибсхонасига бориб ҳолат ўрганилди. Ҳозирги кунда унга нисбатан қўлланилган санкция ўзгартирилиб, у тергов ҳибсхонасидан озод этилган.
Меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ўрганиш мақсадида хорижий мамлакатларга хизмат ташрифи амалга оширилади. Уларда ўша давлатларда истиқомат қилувчи ватандошларимиз учун сайёр қабуллар ҳам ташкил этиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилда Туркия, Россия Федерацияси ва Польша давлатларида фуқаролар қабули ўтказилиб, уларда юз нафардан ортиқ юртдошларимиз билан суҳбат ўтказилди.
Омбудсман Ўзбекистон ратификация қилган халқаро конвенциялар ижроси бўйича ҳукумат ҳисоботи билан биргаликда муқобил маърузалар киритишга алоҳида эътибор бермоқда.
Жорий йилда БМТнинг тегишли қўмиталарига Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциялар, Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция ижроси бўйича муқобил маърузалар киритилди.
Жорий йилда Омбудсман котибияти ходимларининг малакасини ошириш учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европа кенгаши, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва бошқа халқаро ҳамкорлар кўмагида таълим муассасалари ва хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларида таълим олиш ва амалиёт ўташ учун шароит яратилди.
Ўзбекистон омбудсманининг БМТ органлари, ЕХҲТ, Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларининг глобал альянси, USAID, “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти”нинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси (PRI) каби халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги фаол ривожланиб бормоқда. Жорий йилда 10 га яқин семинар-тренинглар ташкил этилди ва унда 250 га яқин иштирокчи қатнашди.
Н.Абдураимова, ЎзА