Омбудсман қийноқларнинг олдини олиш бўйича самарали фаолият юритган
Сенат ялпи мажлисида Омбудсманнинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан ҳисобот даврида ўнта асосий йўналиш бўйича ишлар амалга оширилганини таъкидлади.
Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, қийноқларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилган.
Омбудсманнинг миллий комиссиялардаги фаолияти, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия фаолиятидаги иштироки кенг муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Омбудсман фаолиятида айрим камчиликлар сақланиб қолганлиги сенаторлар томонидан қайд этилди.
Жумладан, 2022 йилнинг 2-ярим йиллигида Ягона онлайн платформа орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш бўйича Омбудсман фаолияти нисбатан паст баҳоланган. Омбудсман томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига киритилган таъсир чораларининг самарадорлиги пасайган.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида республика бўйича тарғибот тадбирлари айрим вилоятларда ташкил этилмаган.
Омбудсман томонидан етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида 2022 йилда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган 387 нафар бола оилаларга ва болалар муассасаларига жойлаштирилмагани, уй-жой берилиши режалаштирилган 25 нафар бола эса уй-жой билан таъминланмагани сенаторлар томонидан танқид қилинди.
Мажлисда Омбудсманга энг кўп мурожаат йўлланган ҳудудлардаги муаммоларни таҳлил қилган ҳолда такрорий мурожаатларни камайтириш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан қонунда белгиланган таъсир чораларидан кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбирларини янада кучайтириш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда мониторинг тадбирлари натижадорлигига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Шу билан бирга, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг оилаларга ва болалар муассасаларига тўлиқ жойлаштирилиши устидан назорат ўрнатиш, оилаларга берилган болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга яратилган шарт-шароитларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА