Омбудсман: мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 12 жиноят иши қўзғатилди
2026 йил биринчи ярим йиллигида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га келиб тушган мурожаатлар қандай ҳал қилинди?
Омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова шу ҳақда маълумот берди:
– Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ҳамда бошқа юридик шахслардан 10 минг 468 мурожаат келиб тушди. Уларнинг 12 таси белгиланган тартибда аноним деб топилди.
Мурожаатлар иқтисодий, ижтимоий ва шахсий ҳуқуқларга оид бўлиб, 12 фоизи ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар билан боғлиқ масалалар, 7,7 фоизи хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, айримлари экология ва бошқа масалаларга тўғри келди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш ва мониторинглар якунлари бўйича давлат органлари ҳамда ташкилотлари ва судларга Омбудсманнинг 70 таъсир чораси киритилди. Жумладан, 27 даъво аризаси, 18 хулоса, 17 тақдимнома, 7 талабнома ва 1 огоҳлантириш юборилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра 12 ҳолатда жиноят иши қўзғатилди.
Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундириш белгиланган жами маблағлар 26 миллиард 849 миллион сўмни ташкил этди. Шундан, 25 миллиард 937 миллион сўми иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид.
Фуқароларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида 304 миллион 606 минг сўмдан ортиқ маблағлар фуқаролар фойдасига ундирилди.
Омбудсман сўровига асосан, хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 435,9 миллион сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланди.
Фуқароларнинг 171,2 миллион сўмдан ортиқ нореал қарздорликлари бартараф этилиши таъминланди. Шунингдек, 4 нафар фуқаронинг ер участкаларига қўйилган тақиқлар бекор қилинди.
Мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра, инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган 14 нафар масъул ходим ҳайфсан, жарима, лавозимидан озод этиш каби интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.
Зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар мурожаатлари ўрганилиб, 8 нафар фуқарога ҳимоя ордери берилди ва 5 нафар зўравонга ИИБ томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 521 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилди.
Мониторинглар давомида 4 мингга яқин шахс билан жамоавий, 1 минг 751 нафар шахс билан эса холи тарзда суҳбатлар ўтказилди. Мониторинг ташрифларида ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларни сақлаш, яшаш ва овқатланиш шароитлари, тиббий хизмат сифати, меҳнат қилиш имкониятлари, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, таълим-тарбия ҳамда маънавий-маърифий ишлар ҳолати ўрганилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг 23 таъсир чораси – 10 тақдимнома, 7 талабнома ва 6 хулоса киритилди.
Уларни кўриб чиқиш натижасида 13-сонли жазони ижро этиш колониясининг интизомий бўлинмаси ва қисқа муддатли учрашув хонасини таъмирлаш учун 260 миллион сўм, Тошкент вилоятининг Бекобод, Чирчиқ ва Нурафшон шаҳарларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун 212 миллион 664 минг сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
Андижон вилоятида маъмурий қамоққа олинган 360 нафар шахсни қабул қилиш ва сақлашга мўлжалланган қўшимча махсус қабулхона қуриш белгиланди.
Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва адвокатларидан 1 минг 227 мурожаат келиб тушди. Уларнинг 212 таси, яъни 17,3 фоизи бевосита ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар томонидан йўлланган.
Мурожаатларнинг асосий қисми суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари, суд ҳукмлари, жазони енгиллаштириш ёки муддатидан олдин озод этиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларга тегишли.
42 қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси инсон ҳуқуқларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Шундан 16 лойиҳа бўйича 34 таклиф ишлаб чиқилиб, масъул ташкилотларга киритилди.
Фуқаролар мурожаатлари таҳлили асосида Парламентга 5 ҳамда давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликларга 5 таҳлилий маълумот ҳамда ҳуқуқий-таҳлилий хулосалар киритилди. Шу билан бирга, 2 қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, биттаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА