“Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалда
Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Навбаҳор туманидаги “Арабсарой”, “Совунгар” ва “Сарой” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси иштирокида “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашда давлат органлари ва ташкилотларининг ўрни” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Жўраев ва бошқалар Омбудсман институти тарихи, унинг фаолиятининг ҳуқуқий асослари, ваколати ва вазифалари ҳамда фуқароларнинг минтақавий вакилга мурожаатлар қилиш ва улар билан ишлаш тартиби, соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган, амалдаги нормативҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмунмоҳияти тўғрисида тушунтиришлар беришди.

– Мамлакатимизда фуқароларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлардан, ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотинқизларни қўллабқувватлаш, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, умуман олганда, аҳолига яратилаётган шароитлар, имкониятлар ва имтиёзлар тўғрисида фуқароларнинг хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу вазифаларни амалга оширишда эса “Омбудсман мактаби” лойиҳаси айни муддао бўлмоқда, – дейди Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Жўраев.

Тадбир давомида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан 300 нафардан ортиқ фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилди, 8 турдаги 110 миллион сўмга яқин бепул дори- дармонлар ва витаминларга бойитилган маҳсулотлар тарқатилди, 100 нафар фуқаро бепул кўзойнаклар билан таъминланди.

Шунингдек, Давлат хизматлари маркази томонидан 32 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг вилоят Кенгаши томонидан 45 нафар кам таъминлаган фуқарога саёҳат учун йўлланмалар берилди.

Вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкиллаштирилиб, 23 нафар ишсиз фуқарога доимий иш ўринларига ишга жойлашиш ҳамда 3 нафар фуқарога Мономарказда касбга ўқиш учун йўлланмалар берилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси томонидан муҳтож фуқароларга 1 та ногиронлик аравачаси, 5 та ҳасса, 6 жуфт қўлтиқ таёқ топширилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири