“Olx.uz”даги фирибгарликдан эҳтиёт бўлинг
Онлайн хизматлар, жумладан, маҳсулотларнинг онлайн савдоси ҳам ривожланиб бормоқда. Бироқ, афсуски, онлайн савдода фирибгарлик ҳолатлари учраётгани сир эмас.
“Olx.uz” платформаси товарлар ва хизматлар тақдим этишнинг қулай воситаси бўлибгина қолмай, фирибгарлар учун ҳам ўлжа излаш воситаси бўлиб қолмоқда.
Бу ерда тузоққа тушиб қолмаслик учун ҳушёрликни ошириш талаб этилади. Шахси, телефон рақами аниқ бўлмаган шахсларга олдиндан пул ўтказиб бериш ёки уларга карта рақамингиз билан боғлиқ барча маълумотларни маълум қилмаслик, айниқса, кодларни ошкор этмаслик зарур.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳарида яшовчи фуқаро Д.Ж. “Olx.uz” орқали Зарина исмли шахс билан гаплашиб, у билан кондиционер сотиб олишга келишган. Келишувга кўра, унга олдиндан 345 минг сўм миқдордаги пулларни банк картасига ўтказиб берган. Бироқ, ушбу шахс бошланғич тўловни олганидан сўнг телефон аппаратини ва ижтимоий тармоқ орқали ёзишмаларни ўчириб ташлаган.
Шундан сўнг жабрланувчи ички ишлар органига мурожаат қилиб, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур жиноятни фуқаро З.К. содир этгани аниқланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Бундан олдинроқ эса Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшовчи Б.Н “Olx.uz” сайтида хонадон ижараси бўйича номаълум шахс билан савдолашган. Унга 950 минг сўм пул маблағини ўтказиб берган. Аммо кейинроқ алданиб қолганини билган ва номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ички ишлар органига мурожаат қилган.
Олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари натижасида пулларни ўзлаштирган шахс муқаддам жавобгарликка тортилган, Тошкент шаҳар Яшнобод туманида яшовчи Ш.Н. эканлиги аниқланган. Ш.Н. бундан ташқари ушбу усулдан фойдаланиб, бошқа ўндан ортиқ фуқарони алдаб, пул маблағларини шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги маълум бўлди.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-модда 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Р.А. ариза билан мурожаат қилиб, “Olx.uz” сайтида кунлик “Дача Чимган” номли эълон бўйича номаълум шахс билан телеграм мессенжери орқали гаплашиб, ҳовлини ижарага олиш мақсадида олдиндан тўлов сифатида унга 700 минг сўм ўтказиб берган.
кўрсатилган манзилга борганида эса номаълум шахс у билан алоқани узиб, телефон рақамларини блоклаб қўйган.
Бу фуқаро ҳам пулларининг қайтарилишида амалий ёрдам сўраб ички ишлар органига мурожаат қилган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарлик қилиб пулларни ўзлаштирган шахс тошкентлик Д.Ф. эканлиги аниқланган.
Д.Ф. фирибгарлик йўли билан бошқа бир нечта фуқарони алдаб, пулларни ўзлаштиргани ва шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани маълум бўлди.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази фуқароларни нотаниш кишилардан товар ва нарсаларни харид қилганда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни, фирибгарлик қурбони бўлиб қолмаслик учун огоҳ бўлишга чақиради.
Н.Абдураимова,
ЎзА