Олтин-валюта захиралари бўйича Хитой етакчилик қилмоқда
Олтин-валюта захиралари миллий валюта курсини барқарорлаштириш, тўлов балансини қўллаб-қувватлаш, ташқи қарз мажбуриятларини бажариш ҳамда муҳим импорт товарларини молиялаштиришда муҳим восита ҳисобланади. Шу боис улар мамлакат иқтисодиёти учун ўзига хос молиявий хавфсизлик кафолати вазифасини бажаради.
Давлатлар халқаро захираларни шакллантиришда турли стратегияларга амал қилиб, айримлари олтин захираларини кўпайтиришга, бошқалари эса хорижий валюта активларига устувор аҳамият қаратади. Халқаро захиралар ҳажми юқори бўлган мамлакатлар активларининг қанча қисми олтин ва қанча қисми хорижий валюта ҳиссасига тўғри келиши, бу борада қайси давлатлар етакчи эканлиги «Naked Science» нашрида эълон қилинган инфографикада акс эттирилган.

Хитой халқаро захиралар умумий ҳажми бўйича етакчилик қилмоқда. Мамлакатнинг хорижий валюта захиралари 3 466,9 миллиард долларни, олтин захиралари эса 323,5 миллиард долларни ташкил этади. Натижада умумий захиралар таркибида олтиннинг улуши 8,5 фоизга тенг бўлган. Таққослаш учун, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 5,4 фоизни ташкил этган.
Қўшма Штатлар олтин захиралари улуши бўйича етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатнинг олтин захиралари қиймати 1 092,1 миллиард долларга, валюта захиралари эса 242,8 миллиард долларга баҳоланган. Умумий захиралар таркибида олтиннинг улуши 81,8 фоизни ташкил этади.
Асосан валюта захираларига таянадиган Япония ҳам олтин захираларининг қиймати бўйича етакчи учликдан жой олган. Мамлакатнинг валюта захиралари 1 065,3 миллиард доллар, олтин захиралари эса 113,6 миллиард долларга тенг.
Кейинги ўринда Ҳиндистон қайд этилган. Унинг валюта захиралари 638,9 миллиард доллар, олтин захиралари 118,2 миллиард долларни ташкил қилади.
Россия эса етакчи бешликни якунлайди. Мамлакатнинг валюта захиралари 430,2 миллиард долларга, олтин захиралари 304 миллиард долларга тенг. Бу умумий захиралар таркибида олтиннинг улуши 41,4 фоиз эканини англатади.
Германия ҳам олтин захираларининг юқори улуши билан ажралиб туради. Мамлакат халқаро захираларида олтиннинг улуши 81,4 фоизга тенг. Умумий захиралар ҳажми бўйича эса Германия рейтингда олтинчи ўринни эгаллаган.
2026 йилнинг сентябрь ойидаги маълумотлар асосида тайёрланган инфографикада олтиннинг умумий захиралардаги улуши олтин захиралари қийматининг олтин ва валюта захираларининг жами қийматига нисбати асосида ҳисобланган.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА тайёрлади, ЎзА