Рассомлар қишлоғи: санъат ва туризм туфайли ўзгараётган ҳаёт
Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги бир қишлоқда оддий деҳқонлар қўлига мўйқалам олиб, ўз ҳаёти, меҳнати ва туғилиб ўсган масканининг гўзаллигини рангларда акс эттирмоқда. Бу ерда санъат фақат ижод завқи эмас, балки қишлоқ тараққиёти, аҳоли бандлиги ва туризмни ривожлантиришнинг ўзига хос воситасига айланган.
Шинжоннинг Жимсар уезди Синди волостида жойлашган Сяофэньцзи қишлоғи бугун “Рассомлар қишлоғи” номи билан танилмоқда. Қишнинг илк кунларида унинг тоғ ёнбағирларини қор қоплаган. Дала ишлари бироз тўхтаган айни пайтда ҳам қишлоқ аҳолиси бўш ўтиргани йўқ. Масалан, 64 ёшли Чжан Синьсян кунларини рангтасвир билан ўтказади.
– Расм чизиш нафақат болалик орзумни рўёбга чиқарди, балки кундалик ҳаётимга ҳам ранг бағишлади, – дейди у. Уйининг деворларига қишлоқ манзаралари акс этган бир нечта асар илинган. Бу картиналар орқали ижодкор аёл ўз юртига бўлган меҳрини ифода этади.
Яқинда Шэньчжэнь шаҳрида “Ердан ўсиб чиққан картиналар” номли Шинжон деҳқонлар тасвирий санъати кўргазмаси ташкил этилди. Унда намойиш этилган 22 та асарнинг аксарияти айнан Сяофэньцзи қишлоғида яшовчи деҳқон-рассомлар ижодига мансуб. Чжан Синьсяннинг ишлари ҳам кўргазмадан ўрин олган.
Қишлоқнинг бугунги қиёфасига назар ташласак, бундай ўзгаришлар қандай бошлангани қизиқ. Тянь-Шань тоғларининг шимолий этакларида жойлашган Сяофэньцзида тоғли ҳудудлар кўп, экин майдонлари эса нисбатан кам. Шу боис илгари аҳоли турмуши кўп жиҳатдан табиий шароитга боғлиқ бўлган. Даромадлар пастлиги сабабли қишлоқ бир вақтлар камбағал ҳудудлар қаторида ҳам қайд этилган.
Тахминан 2014 йилдан бошлаб бу ерга ижодий изланишлар олиб бориш, табиат ва қишлоқ ҳаётидан илҳом олиш мақсадида турли ҳудудлардан рассомлар кела бошлади. Айримлари шу ерда муқим яшаб қолди. Вақт ўтиши билан уларнинг ижоди маҳаллий аҳоли ҳаётига ҳам таъсир кўрсатди. Қишлоқда санъат галереяси, меҳмон уйлари, барлар ташкил этилди. Маҳаллий аҳоли эса сайёҳлик хизмати, меҳмон уйларини бошқариш, қаҳвахоналарда ишлаш каби янги фаолият турларини ўзлаштирди.
Масалан, Ма Шэнси ўн йил аввал ўз уйини таъмирлаб, қишлоқдаги илк меҳмон уйини очган. Меҳмондўстлик, тозалик ва шинам муҳит туфайли сайёҳлик мавсумида бу маскан меҳмонлар билан гавжум бўлади. Кейинчалик оиласи янги уй қургач, аввалги хонадонни қишлоқ санъат галереясига айлантирган. Унинг деворларида турли рассомлар чизган картиналар жой олган. Ҳар бир асар эса алоҳида бир воқеа ва тарихни ҳикоя қилади.
Ма Хайлян эса рассомлар маслаҳати билан аввал чорва сақланган эски бинога янгича ҳаёт бағишлади. Уни сайёҳлар дам олиб, ҳордиқ чиқариши мумкин бўлган ўзига хос барга айлантирди. Шунингдек, фойдаланилмаётган хоналарни мавзули меҳмон уйлари сифатида қайта жиҳозлади. Натижада бу масканлар сайёҳлар эътиборини қозониб, унга ҳар йили 60 минг юандан зиёд қўшимча даромад келтирмоқда.
Қишлоққа илк келган рассомлардан бири Лю Яньхуннинг фикрича, бугун маҳаллий аҳоли ҳаётидаги энг катта ўзгаришлардан бири одамларнинг қизиқишлари ва дунёқарашидаги янгиланишдир. Илгари улар кўпроқ чорва молларининг нархи билан қизиққан бўлса, энди кўпчилик мўйқалам тутиб, оддий қишлоқ ҳаётини ранг-баранг тасвирларда ифодалашга интилмоқда.
Дастлаб қишлоқ хўжалиги ишларидан бўш вақтдаги машғулот сифатида бошланган рангтасвир аста-секин ҳақиқий ижодга айланди. Санъат одамларга нафақат қўшимча даромад манбаини, балки ўз юртининг қадрини англаш, унинг гўзаллигини бошқаларга кўрсатиш имконини ҳам берди.
Бугун Сяофэньцзида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган 30 нафардан зиёд рассом яшаб, ижод қилмоқда. Қишлоқда 20 дан ортиқ меҳмон уйи ва қишлоқ ресторанлари фаолият юритади. Ҳар йили бу ерга 300 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюради. Туризмдан тушадиган йиллик даромад эса 8 миллион юандан ошган.
– Қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш фақат аҳоли фаровонлигини ошириш билан чекланмайди. Ҳар бир инсон қалбида ҳам иштиёқ ва интилиш уйғотиш зарур, – дейди Чжан Синьсян.
Дарҳақиқат, Сяофэньцзи тажрибаси қишлоқ тараққиётида маҳаллий имкониятлар, маданий мерос ва аҳоли ташаббусини бирлаштириш қандай натижа бериши мумкинлигини кўрсатади. Бир вақтлар иқтисодий имкониятлари чекланган бу маскан бугун нафақат сайёҳлик манзили, балки деҳқонлар ҳам ижодкор бўлиши, санъат эса янги даромад ва тараққиёт манбаига айланиши мумкин бўлган ўзига хос тажриба сифатида эътибор қозонмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА