Олтин қуймалари Ўзбекистон брендига айланди
Навоий шаҳридаги “НКМК тарихи” музейида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар учун “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ фаолиятининг 2022 йил якунлари ва жорий йилдаги устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Комбинатда олиб борилаётган кенг кўламли амалий ишлар ишлаб чиқариш самарадорлиги ва меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилмоқда.
– Бугунги кунда “НКМК” АЖ жаҳонда олтин ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар тўртталигига киради, – дейди Жамоатчилик билан алоқалар бўйича директор Холмамат Раупов. – Комбинат ер ости бойликлари захираларини геологик қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлашдан тортиб тайёр маҳсулот олишгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ амалга ошириладиган йирик саноат кластери ҳисобланади. Замонавий кон-транспорт ва технологик ускуналар, илғор технологиялар билан жиҳозланган конлар, заводларга эга замонавий корхонадир. “НКМК” АЖнинг “999,9” софликдаги олтин қуймалари жаҳоннинг қимматбаҳо металлар бўйича биржаларида Ўзбекистоннинг брендига айланди.
2022 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан комбинатда замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш, рақобатбардошликни ошириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида корхона “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти сифатида иш бошлади. 2022 йил 30 май куни эса комбинат тарихида илк маротаба 2021 йил учун молиявий ҳисоботларнинг тўлиқ мажмуаси Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ тайёрланди. Ҳисобот халқаро аудит компанияси томонидан текширувдан ўтказилди ва ижобий хулоса берилди.
[gallery-11228]
– “НКМК” АЖ мамлакатимизнинг йирик саноат корхонаси ҳисобланиб, стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳалари амалга ошириляпти, – дейди АЖ бош директорининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Шуҳрат Аминов. – Бу лойиҳалар доирасида 2022 йилда Томди тумани ҳудудидаги “Балпантоғ” ва “Томдибулоқ” конларида биринчи портлатиш ишлари амалга оширилди ва қазиб олиш ишлари бошланди. “Томдибулоқ” конини 2-гидрометаллургия заводи билан боғловчи 35 километрлик темир йўл линияси фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда комбинатнинг республика саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 10,3 фоизни, давлат бюджетига жами тушумларининг улуши эса 20,1 фоизни ташкил этади. 2022 йилда комбинат жаҳондаги олтин ишлаб чиқарувчи компаниялар рейтингида 4-ўринни эгаллади.
– 2022 йилда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан 56,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 106,2 фоизга тенг бўлди, – дейди Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими бошлиғи Умиджон Костаев. –Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига 18 триллион сўм миқдорида солиқлар ва мажбурий тўловлар ҳамда давлат улушига 15,3 триллион сўм дивидендлар тўланди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Инвестиция дастури доирасида 486 миллион долларлик маблағ ўзлаштирилиб, қарийб 2,1 мингта янги иш ўрни яратилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса 554,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва тармоқлараро саноат кооперацияси доирасида 4,8 триллион сўмдан ортиқ маҳсулот харид қилинди. Харажатларни мақбуллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ижроси маҳсулот таннархини қарийб 1,1 триллион сўмга камайтириш имконини берди.
Тадбирда ОАВ вакиллари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА