Олтин медаль университетга киришга имтиёз берадими?
Мактаб битирувчилари ва уларнинг ота-оналари орасида энг кўп учрайдиган саволлардан бири — олтин ёки кумуш медаль билан тамомлаган ўқувчилар олий таълим муассасаларига киришда қандайдир имтиёзга эгами?
Шунингдек, академик лицейни қизил диплом билан битирган ёшларга ҳам қўшимча балл ёки енгилликлар бериладими?
Амалдаги тартибга мувофиқ, мактабни олтин ёки кумуш медаль билан тамомлаган битирувчилар учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида ҳеч қандай алоҳида имтиёз белгиланмаган.
Худди шунингдек, академик лицейларни қизил диплом билан битирган ўқувчиларга ҳам ОТМларга қабул жараёнида қўшимча балл ёки бошқа турдаги енгилликлар тақдим этилмайди.
Демак, абитуриентлар учун асосий мезон — кириш имтиҳонларида тўпланган балл ҳисобланади. Қабул натижалари барча талабгорлар учун бир хил тартиб ва баҳолаш мезонлари асосида шакллантирилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, олтин медаль ёки қизил диплом ўқувчининг юқори ўзлаштириш даражасини кўрсатади ва келгусида таълим ёки меҳнат фаолиятида муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Бироқ, олий таълим муассасаларига қабул қилиш жараёнида улар алоҳида имтиёз сифатида ҳисобга олинмайди.
Шу боис абитуриентларга асосий эътиборни тест синовларига пухта тайёргарлик кўриш ва юқори натижа қайд этишга қаратиш тавсия этилади. Бугунги кунда университет талабаси бўлиш учун ҳал қилувчи омил айнан имтиҳонларда тўпланган балл ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА