Олтиариқ узумлари жаҳон бозорида
Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани нафақат бодринг ва турп, балки узуми билан ҳам машҳур. Ўтган йиллар мобайнида бу ерда ўзига хос мактаб вужудга келиб, ўнлаб турдаги янги узум навлари яратилди. “Қора шаҳзода”, “Ҳусайни”, “Келинбармоқ”, “Ризамат ота” каби навлар нафақат ички бозорда, балки узоқ-яқин хориж давлатларида ҳам харидоргир бўлиб бормоқда.
Президентимиз ташаббуси билан узумчиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, Олтиариқ тажрибаси оммалаштириляпти. Адирлар бағрида чинакам мўъжиза яратилди узум, мева боғлари бунёд этилди. “Янги Ўзбекистон узум боғи”да 1000 гектар дашт ерлар ўзлаштирилиб, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан йўл, электр таъминоти билан таъминланди. Сув тармоғи тортилди, томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилиб, йил давомида захира қилиш учун махсус сув ҳовузи ташкил этилди.

Ҳар бир оилага ўртача 20-25 сотихдан ажратиб берилиб, маҳаллий иқлим шароитига мослаб экилган ўнлаб навли узум кўчатлари бугун ҳосилга кирди. Сирожиддин Эсоналиев Қапчуғайда 50 сотих узум боғи олган. Бу йил интенсив усулда қовун етиштириб, яхши даромад олди. Узум четларига Туркиядан олиб келинган экспортбоп 300 туп ўрик навидан экканди. Интенсив ўрик нави иккинчи йили 400 кг дан ортиқ ҳосил берди. Абдуфаёз Олимовлар оиласи узум кўчати оралиғида эртаки қовун етиштириб, ички бозорга чиқармоқда. Оила соҳибининг таъкидлашича, икки ўғли ва икки келини бу ерда доимий иш билан банд. Муҳими, деҳқончилик юмушлари туфайли оилага файз, барака кирди.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Олтиариқ туманида 72 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 40,5 минг хонадонда қарийб 230 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли томорқаси, фермер ва деҳқон хўжаликлари тасарруфида 4 минг 500 гектар узум боғи мавжуд. Шунингдек, 70 минг тонна сиғимга эга 85 та мева-сабзавот сақлашга ихтисослашган музлатгичли омборхоналар бор. 67 та экспортёр корхона, 30 дан ортиқ логистика марказлари ҳамда 1 та мева-сабзавот сотишга мўлжалланган улгуржи бозор ташкил этилган.

– 2023 йили 114,4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, бу борада туманнинг вилоят миқёсидаги улуши 17 фоизга етди, – дейди Олтиариқ тумани ҳокими Шамсиддин Турдалиев. – Асосий драйвер сифатида 42,5 минг тонна узум экспорт қилинди. Экспорт географияси МДҲ давлатларидан ташқари Эрон, Индонезия, БАА, АҚШ сингари мамлакатлар ҳисобига кенгайишига эришилди.
Бу йил мақсад янада улкан ва Европа бозорларига чиқиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу мақсадда Олтиариқ туман ҳокимлиги делегацияси яқинда Польша мамлакатида бўлиб, бир қатор истиқболли келишувларга эришди. Хусусан, “Agro House” МЧЖ билан ҳамкорликда мамлакат пойтахти Варшава шаҳрида савдо уйи ташкил этилди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири