Олти ой олдин йўқотилган “Captiva” топилди
Бошланғич сотув баҳоси 111 миллион 155 минг сўм деб белгиланган автомашина «йўқолиб қолди».
Жиззах вилояти Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг кредит ундириш ижро ҳужжатига асосан «Мирзачўл парранда файз» МЧЖ ва бошқалар ҳисобидан “ASIA ALLIANCE BANK” АТБ Самарқанд филиали фойдасига ундириладиган қарз ҳисобдорларнинг мулкига қаратилиб, шу жумладан, Ф.Эшмуродованинг тегишли “Captiva” русумли автомашина сотувга қўйилган эди.
Аммо бошланғич сотув баҳоси 111 миллион 155 минг сўм деб белгиланган автомашина «йўқолиб қолди». Жорий йилнинг 4 январида Ф.Эшмуродовага тегишли бўлган “Captiva” русумли автомашинага нисбатан қидирув эълон қилинди.
Ижро ҳаракатини олиб борган Мажбурий ижро бюроси Ғаллаорол туман бўлимидан маълум қилинишича, олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ушбу «йўқолган» автомашина Жиззах шаҳри ҳудудига яшириб қўйилган жойидан топилиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига олиб келинган.
Олмоқнинг бермоғи бор, деб бежиз айтилмаган. Кредит қарзидан қочиб эмас, тўлаб қутилади.