Олий таълимда янги давр: қамров, имконият ва натижа
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги босиб ўтилган йўлни инсон ҳаётидаги ўзгаришлар билан баҳолайдиган тарихий палладир. Истиқлол йилларида таълим миллат тараққиётининг муҳим таянчига айланди. Айниқса, сўнгги ўн йилда олий таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар минглаб ёшларга янги имкониятлар очди. Энди асосий вазифа яратилган имкониятни сифатли билимга, сифатли билимни эса мамлакат тараққиётига хизмат қиладиган натижага айлантиришдир.
Таҳлилларга кўра, 2016 йилда Ўзбекистонда 18–23 ёшли аҳолининг олий таълим билан қамрови 7,2 фоиз атрофида эди. 2024/2025 ўқув йили бошига келиб бу кўрсаткич 47,7 фоизга етди. 2025 йилда мамлакатда талабалар сони 1,7 миллион нафарга яқинлашди, олий таълим ташкилотлари сони эса 207 тага етди. Янги давлат олийгоҳларининг ташкил этилиши, нодавлат ва хорижий университетлар фаолиятининг кенгайиши, қабул параметрларининг оширилиши ва таълим шаклларининг кўпайиши олий таълимни кенг қатламлар учун очиқ тизимга айлантирди.
Ҳудудларда янги олийгоҳларнинг ташкил этилиши эса ёшларнинг ўз яшаш жойига яқин ҳудудда таҳсил олиш имкониятини кенгайтирди. Кечки, сиртқи ва масофавий таълим шакллари эса ишлаётган ёки турли сабабларга кўра кундузги таълимда ўқий олмайдиган фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратди. Бироқ нодавлат ва хорижий олийгоҳлар сонининг ортиши ўз навбатида рақобат муҳитини кучайтирди. Бу олийгоҳлардан таълим дастурларини янгилаш, меҳнат бозори талабларига мослашиш ва сифат учун курашишни талаб қилмоқда.

Ҳозир олий таълим қамровининг ўсиши фақат статистик кўрсаткич эмас. Ҳар бир рақам ортида бир ёшнинг орзуси, бир оиланинг умиди ва янги ҳаёт йўли бор. Сўнгги йилларда хотин-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар ва бошқа тоифалар учун таълим имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қатор механизмлар жорий этилди. Давлат грантлари, таълим кредитлари, стипендиялар ва манзилли ижтимоий кўмак таълим олишдаги иқтисодий тўсиқларни камайтирмоқда.
Талабалар сонининг кўпайиши таълим сифати автоматик равишда ошганини англатмайди. Замонавий университет битирувчидан нафақат билим, балки мустақил фикрлаш, муаммони ҳал қилиш, ахборотни таҳлил қилиш, жамоада ишлаш ва янги технологияларни ўзлаштириш қобилиятини ҳам талаб қилади. Шу боис таълим жараёнида билимни ёдлашдан кўра, уни амалиётда қўллашга кўпроқ эътибор қаратиш зарур.

Сифатли таълимнинг асосий омилларидан бири профессор-ўқитувчиларнинг салоҳиятидир. Илмий изланиш билан шуғулланадиган, замонавий методикаларни ўзлаштирган устоз талабани ҳам изланишга, далил билан фикрлашга ва мустақил хулоса чиқаришга ўргатади. Сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, катта маълумотлар ва янги технологиялар ривожланаётган шароитда таълим дастурларини мунтазам янгилаб бориш, иш берувчиларни кадрлар тайёрлаш жараёнига жалб этиш ва битирувчилар бандлигини таълим сифати кўрсаткичларидан бири сифатида баҳолаш муҳим аҳамият касб этади.
Республикадаги ислоҳотларнинг ҳудудий ифодаларидан бири — Чирчиқ давлат педагогика университети. Унинг тарихи 2017 йил 27-июлда Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилганидан бошланди. Асосий вазифаси ўшанда ҳудудий таълим муассасаларини, айниқса, аниқ фанлар ва хорижий тиллар бўйича малакали педагог кадрлар билан таъминлаш эди. 2022 йилда институт негизида Чирчиқ давлат педагогика университети ташкил этилди. Бу таълим йўналишларини кенгайтириш, илмий тадқиқотларни кучайтириш ва педагогик инновацияларни ривожлантириш учун янги босқични бошлаб берди.
Бугун университетда 22 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Улар орасида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар бор. Университетда педагогика, мактабгача ва бошланғич таълим, махсус педагогика, гуманитар, аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар, санъат ҳамда замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларида кадрлар тайёрланмоқда. Бу ҳолат ЧДПУнинг вазифаси фақат Тошкент вилояти учун кадрлар тайёрлаш билан чекланиб қолмаётганини кўрсатади.

Аслида педагогика университетининг ҳақиқий натижаси унинг аудиториясида эмас, мактабда намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан ЧДПУда шаклланган “Педагогик таълим инновацион кластери” алоҳида аҳамиятга эга. Университет, мактаб, илмий тадқиқот ва амалиётнинг ўзаро боғланиши бўлажак педагогларни ҳақиқий таълим муҳитига яқинлаштиради. “Мактаб-лаборатория” майдончаларида талабалар назарий билимларини амалиётда синаб кўради, педагогик муаммоларни ўрганади ва уларга ечим излайди.
Бундай ёндашув ўқитувчини тайёр методикани такрорлайдиган, ижрочидан вазиятни таҳлил қиладиган ва янги ечим топа оладиган мутахассисга айлантиришга хизмат қилади. ЧДПУ учун энг муҳим вазифалардан бири — университетда яратилган илмий ва методик ишланмаларни мактаб амалиётига олиб кириш, мактабдаги муаммоларни эса илмий тадқиқотлар учун асос сифатида ўрганишдир.
Бугунги ўқувчи ахборот ва рақамли технологиялар муҳитида улғаймоқда. Демак, замонавий педагог ҳам фанни билиш билан чекланмасдан, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан оқилона фойдаланиши, танқидий ва ижодий фикрлаши, доимий ўрганиши ва янги шароитларга мослаша олиши керак. ЧДПУда ахборот-ресурс маркази, лабораториялар, илмий тўгараклар, академик мобиллик ва инновацион лойиҳалар талабаларнинг ана шу салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ахборот-ресурс маркази фондида 182 мингдан зиёд адабиёт мавжуд бўлиб, электрон ва аудиовизуал ресурслар ҳам талабалар ихтиёрида.

Олий таълимдаги янги босқични шартли равишда қуйидаги занжир орқали ифодалаш мумкин: қамров → имконият → сифатли таълим → касбий компетенция → рақобатбардош мутахассис → мактаб ва жамият тараққиёти. Бу занжирнинг ҳар бир бўғини муҳим. Қамров ёшга эшик очади, имконият унинг салоҳиятини ривожлантиради, сифатли таълим рақобатбардош мутахассисни шакллантиради, натижа эса жамиятда намоён бўлади.
Энди асосий мақсад — кўпроқ талабани қабул қилиш эмас, ҳар бир ёшнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уни замонавий билим ва кўникмаларга эга, рақобатбардош мутахассис сифатида тайёрлашдир. Зеро, олий таълимга қамровнинг ошиши тарихий имконият яратди. Энди ана шу имкониятни инсон капиталига, илмий тафаккурга ва мамлакат тараққиётига айлантириш даври келди.
Ғафуржон Муҳамедов,
Халқ депутатлари Тошкент
вилояти Кенгаши депутати,
Чирчиқ давлат педагогика
университети ректори,
ЎзА