Наманганда ўқув йилига тайёргарлик масалалари муҳокама этилди
Давлатобод туманидаги “Atour” меҳмонхонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Наманган вилоятидаги умумтаълим мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик ҳамда таълим тизимида йил давомида амалга ошириладиган устувор вазифалар хусусида сўз юритилди.
Ҳозирги кунда вилоятдаги 790 та мактабда 566 мингдан зиёд ёшга 41 мингдан зиёд муаллимлар таълим-тарбия бермоқда. Олий тоифали педагоглар 2017 йилдаги 834 нафардан 6 минг 222 нафарга, яъни 7,5 баробарга ошди.

Матбуот анжуманида тизимида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан маълумот берилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда таълимга муносабат тубдан ўзгарди. Биргина Наманганда сўнгги 10 йилда 707 та таълим муассасасида 2,1 триллион сўмдан зиёд маблағ ҳисобидан қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
2025-2026 ўқув йилида вилоят ўқувчилари халқаро олимпиадаларда икки олтин, беш кумуш ва 10 бронза Наманган фарзандларига насиб этди. 4 минг 662 нафар ўқувчи чет тили бўйича халқаро сертификат олди. 20 нафар ўқувчи “IELTS”дан саккиз баллик натижа кўрсатди. Ўтган ўқув йилида мактабни битирган 4 минг 283 нафар битирувчи муддатидан аввал олий ўқув юртлари талабаси бўлди.

Ўтган ўқув йилида барча турдаги мактабларда 566 мингдан ортиқ ўқувчиларга 41 минг 77 педагог таълим-тарбия берди. Янги – 2026/2027 ўқув йилида эса ўқувчилар сони 576 минг 629 нафарга етиши кутилмоқда. Бу амалдаги кўрсаткичга нисбатан 10,6 минг нафарга кўп демак. Янги ўқув йилида биринчи синфга 70 минг 838 нафар бола қабул қилиниши режалаштирилган бўлиб, бугунга қадар 66 минг 560 бола мактабларга қабул қилинган. Жажжи ўқувчилар “Президент совғалари” билан тўлиқ қамраб олинади.

Матбуот анжуманида мактабгача таълим ташкилотларидаги аутсорсинг тизими, илм масканларига интеграция қилинган Япония тажрибаси, маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, дарсликлар каби масалаларга эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, эндиликда таълимда фақат бино ёки қамров ҳақида эмас, сифат ва тарбия ҳақида чуқур ўйлаш керак. Чунки замонавий мактабнинг вазифаси фақат яхши баҳо оладиган ўқувчини эмас, мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, интизомли, Ватан тақдирига дахлдор инсонни тарбиялашдир.
– Юртимизга келган япониялик эксперт-педагог Гото Микако хоним бевосита наманганлик устозлар билан ишламоқда. Шу йил июль ойида 25 нафар ўқитувчимиз Японияда бўлиб, мактабдаги интизом, жамоавий масъулият, тозалик маданияти ва устоз-ўқувчи муносабатларини ўрганиб қайтди, – дейди Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исоқов. – Биз айнан япон тажрибаси асосида миллий қадриятларимиз ва ўзбекона мактаб анъанаси билан уйғунлаштирган ҳолда, “Наманган таълим ва тарбия модели”ни шакллантирамиз. Бу жараёнда устозлар ташаббуси ва тажрибасига таянамиз.
Мулоқотда шунингдек, илм масканларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати, ўқувчиларни дарслик билан таъминлаш, мактаб ҳудудларида фавқулодда вазиятлар ҳолатида ҳаракатланиш, айрим илм масканларида коэффициент ўрнига нисбатан ўқувчилар сонининг кўплиги каби йўл қўйилган камчиликлар ҳамда таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Анжуман давомида журналист ҳамда блогерлар томонидан тизимдаги долзарб масалалар юзасидан саволлар берилиб, мутахассислар томонидан уларга жавоблар қайтарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири