Олий суд ва Судьялар олий кенгаши қабули: 41 мурожаат жойида ижобий ҳал этилди
Аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқот тизимли равишда йўлга қўйилгани натижасида идора ва ташкилотлар раҳбарларининг қабуллари ташкил этилди. Бу фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва уларнинг ҳал этилишида муҳим омил бўлмоқда.
Мазкур йўналишда суд органларида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Фуқаролар билан бевосита мулоқотлар тизимли йўлга қўйилиб, аҳоли мурожаатлари қабул қилинмоқда. Келиб тушган ариза ва шикоятлар қонунчилик талаблари асосида ўз вақтида кўриб чиқилмоқда.
Фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш ҳамда суд ҳокимияти билан аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотни янада кучайтириш мақсадида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши раҳбарияти томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси учун оммавий сайёр қабул ўтказилди.
Унда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят судлари раҳбарияти, судьялар ҳамда масъул ходимлар ҳам иштирок этиб, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳар бир масалага аниқ ҳуқуқий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-30784]
Сайёр қабул фуқаролар учун қулай шаклда ташкил этилди. Мурожаатчилар суд органлари раҳбарияти билан юзма-юз мулоқот қилиб, ўзларини қийнаётган масалаларни бевосита баён қилиш имкониятига эга бўлди.
Тадбир давомида 854 иш бўйича 1 минг 279 мурожаатчи қабул қилинди. 403 шикоят (ариза) қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун кабул килиниб, 410 мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Мурожаатларнинг 41 таси қабул жараёнининг ўзида ижобий ҳал этилди.
Сайёр қабуллар аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларга қонуний ечим топиш ҳамда суд органлари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Н.Абдураимова, С.Ўрмонов (сурат), ЎзА