Олий суд раиси: Танқидни хавф эмас, балки ривожланиш омили сифатида қабул қиламиз
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий судида тантанали тадбир ташкил этилди.
Олий суд раиси Робахон Маҳмудова очиқлик сиёсати – Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг ажралмас қисми эканини алоҳида таъкидлади.
Янгиланган Конституцияда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолияти ҳамда ҳар бир инсоннинг ахборот олиш ҳуқуқи мустаҳкам кафолатлаб қўйилгани мамлакатимиз танлаган очиқлик ва тараққиёт йўлининг ёрқин ифодасидир.
Суд ўз фаолиятини жамият кўз ўнгида, ошкора юритгандагина одамларнинг унга бўлган ишончи мустаҳкамланади. Шу маънода, журналистлар суд билан халқ ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажаради.
– Биз ҳаққоний сўз ва холис танқидни хавф эмас, балки ривожланиш омили сифатида қабул қиламиз, – деди Олий суд раиси. – Оммавий ахборот воситаларида суд тизимидаги камчиликлар ва фуқароларнинг ҳақли эътирозлари кўтарилиши бизни ўз ишимизга танқидий назар билан қарашга, йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатишга ундайди. Зеро, ошкоралик ва жамоатчилик назорати одил судловнинг душмани эмас, унинг энг ишончли кафолатидир. Шу боис, судларимизни жамиятга янада очиқ, халқимизга янада яқин қилишни олдимиздаги устувор вазифалардан бири деб биламиз. Айни пайтда ҳуқуқий масалаларни ёритишда холислик, аниқлик ва масъулият ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда суд ҳокимияти янги ривожланиш даврига дадил қадам қўяётгани, судларнинг матбуот хизматини замонавий, янги форматда ривожлантириб, оммавий ахборот воситалари билан ишлаш усулларини тубдан янгиланиши қайд этилди. Суд жараёнлари ва қарорлари ҳақидаги маълумотлар очиқ ҳамда фуқароларга тушунарли тарзда етиб бориши таъминланади. Суд тизимида замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини кенг жорий этиш бўйича амалий чоралар тезлаштирилиши айтиб ўтилди.
Тадбир ташкилотчилари ҳақиқат ва адолат йўлида қалам тебратаётган, эл-юрт ташвиши билан яшаб, фидокорона меҳнат қилаётган қалам соҳибларини 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий табриклади. Суд соҳасини оммавий ахборот воситаларида фаол ёритаётган бир гуруҳ журналистлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Норгул Абдураимова, ЎзА