Сўз қудратига юксак эҳтиром
Жамият тараққиётининг энг муҳим мезонларидан бири — очиқлик, ошкоралик ва эркин фикр муҳитининг қарор топишидир. Бу йўлда эса матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар, ноширлар ва матбаачиларнинг ўрни беқиёс. Улар ҳақиқатни халққа етказади, жамият дардини қаламга олади, эзгу ташаббусларни тарғиб қилади, одамлар билан давлат ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажаради. Ана шу шарафли ва масъулиятли касб эгалари меҳнатига эҳтиром рамзи сифатида Бухоро вилоятида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири юқори савияда ўтказилди.
Тадбирда вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, матбаачилар, фахрий журналистлар, давлат идоралари матбуот хизматлари, блогерлар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.
Тантанали маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг байрам табригини вилоят ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Одилов ўқиб эшиттирди. Табрикда мамлакатимизда сўнгги йилларда сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги ва очиқлик сиёсатини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар туфайли оммавий ахборот воситалари учун кенг имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, журналистларнинг фидокорона меҳнати, холис ва тезкор ахборот тарқатишдаги хизматлари ҳамда жамият ҳаётидаги ўрни юксак баҳоланди.
[gallery-30095]
Қайд этилганидек, бугунги кунда Бухоро вилояти медиа соҳаси ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди. Вилоятда 2 та телевидение, 2 та радио, 20 дан ортиқ газета, 9 та интернет нашри ва 18 та нашриёт фаолият юритмоқда. Бу оммавий ахборот воситалари миллий журналистиканинг бой анъаналари билан замонавий медиа тенденцияларини уйғунлаштирган ҳолда аҳолига сифатли ахборот етказиб беришга хизмат қилмоқда.
Айниқса, республика телеканаллари мухбирлари, марказий нашрлар ва ижтимоий тармоқларда фаол ижод қилаётган блогерларнинг Бухоро ҳаётини кенг ёритишдаги ҳиссаси эътироф этилди. Бу жараён соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш ва жамоатчилик фикрини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Бугун вилоятда фаолият кўрсатаётган 50 дан ортиқ оммавий ахборот воситасининг 70 фоиздан зиёди нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келади. Хусусий телерадиоканаллар, интернет нашрлари ва рақамли медиа платформалар сони йил сайин ошиб бормоқда. Улардан фойдаланувчилар сони эса 1,5 миллион нафарга етгани Бухорода ахборот соҳаси жадал ривожланаётганининг яққол исботидир.
Шунингдек, давлат ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги ахборот хизматлари фаолияти ҳам янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Бугун улар давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, жамоатчилик билан самарали мулоқотни таъминлаш, аҳоли мурожаатларини тезкор ўрганиш ва долзарб масалаларни ёритишда муҳим ўрин тутаётир.
Тадбирда кўп йиллар давомида миллий журналистика тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фахрий журналистларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Бу йил юбилей саналари нишонланаётган устоз қалам соҳиблари муносиб эътироф этилди. Шунингдек, “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари таҳририятларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳар бирига 100 миллион сўмлик сертификат топширилди.
Бундан ташқари, вилоятнинг ижтимоий-маънавий ҳаётини ёритиш, очиқлик сиёсати ва жамоатчилик фикрини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган журналистлар, телевидение ва радио ходимлари, матбаачилар, матбуот хизматлари ва интернет нашрлари вакилларининг бир гуруҳи Бухоро вилояти ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Тантанали тадбир вилоятнинг машҳур эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури, дилрабо куй-қўшиқлар ва миллий рақслар билан янада файзли тус олди.
Байрам иштирокчилари учун бу нафақат касб байрами, балки меҳнатга берилган юксак эътироф, ижод аҳлига кўрсатилган юксак ҳурмат ва эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири