Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи Жиззахда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг доимий асосда ишловчи сенатори М.Салимова бошчилигидаги ишчи гуруҳи "Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятига ташриф буюрди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Шароф Рашидов, Зарбдор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳридаги мавжуд таълим муассасаларида бўлиб, у ерда яратилган шароит ва имкониятлар билан танишди. Шундан сўнг мактабгача таълим қамровини ошириш, умумтаълим мактабларида таълим сифатини яхшилаш, олий таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, чет тилларни ўқитиш тизимини такомиллаштириш масалалари ўрганилди.
2017 йилда Жиззах вилоятда 172 та давлат мактабгача таълим муассасалари, 1 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларига 24 минг 265 нафар бола қамраб олинган бўлса, жорий йил 30 сентябрь ҳолатига кўра 79 минг 977 нафар бола қамраб олинган. 542 та умутаълим мактабларида эса 246,7 минг ўқувчи таҳсил олган бўлиб, 2017-2021 йилларда 9 та янги мактаб барпо этилган, 236 та мактабда таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилган, 29 та собиқ коллеж биноларида мактаблар ташкил этилиб, 12 минг 462 та қўшимча ўқувчи ўрни яратилган.
[gallery-4313]
Вилоятда 2017 йилда 2 та олий таълим муассасасида 12 минг 437 нафар талаба таълим олган бўлса, 2021 йилда олий таълим муассасалари сони 3 тани ташкил этиб, жами кўрсатгич 27 минг 155 нафарни ташкил этишига эришилган.
Ўрганиш давомида янги таҳрирда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонунга асосан фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланганлиги, таълим турлари йўлга қўйилганлиги, шу жумладан, масофавий таълим ҳамда дуал таълим турларининг жорий этилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, вилоятда чет тилларни ўқитишни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати, хусусан, чет тилини ўқитиш бўйича мутахассислар салоҳияти, уларнинг B2, С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эгалиги, тил кўникмаларини ривожлантириш учун шароитлар яратилганлик ҳолати, зарур бўлган асбоб-ускуналар, замонавий ахборот технологиялари ва адабиётлар билан таъминланганлик ҳолати таҳлил қилинди.
Ўрганиш якунлари бўйича берилган тавсиялар асосида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан маҳаллий ҳокимият ҳамда бошқарма масъулларига тегишли кўрсатма берилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА