Олисдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Биргаликда фаровонлик ва барқарор ривожланиш сари ўзаро манфаатли ҳамкорлик” мавзусидаги “Марказий Осиё – Хитой” таҳлил марказлари IV форуми бир неча сессияда ўз ишини муваффақиятли давом эттирмоқда.
Масалан, “Марказий Осиё ва Хитой ривожланишнинг ҳозирги босқичида: умумий келажакка йўналтирилган ҳамкорлик” мавзусидаги йиғилиш тараққиётнинг жорий ҳолатини баҳолаш ва келгуси истиқболини белгилашда алоҳида аҳамият касб этди.
– Марказий Осиё ва Хитой ҳамкорлиги бўйича янги механизм яратишга муваффақ бўлдик, – деди ХХР Давлат кенгаши қошидаги Европа ва Осиё ижтимоий ривожланиш институти директори Ли Юньцюань. – Тўғри, давлатлар аро муносабатнинг шакли кўп. Бинобарин, Марказий Осиё ва Хитой ҳамкорлиги формати ўзига хос. Хитой бошқа давлатлар ички сиёсатига аралашмай, биргаликдаги тараққиёт ривожида қатнашади, сиёсий, иқтисодий хавфсизликни кўзлайди. Иқтисодий кооперация алоқасини янада яхшилайди. Ўзаро ишонч, ички манфаатга ҳурмат билан қараш тамойилига эътибор билан ёндашади. Кўплаб давлатлар пандемия билан курашган мураккаб даврда Ўзбекистон тараққиёт сари сезиларли илдамлади. Ҳамкорлик – муаммони биргаликда ҳал этиш ҳам, демак. Бизнинг ҳамжиҳатлигимиз умумий тараққиёт учун ғоят муҳим.
– Бугун дунё шиддат билан ўзгараётган бир пайтда етакчлик “ақл марказ”лари фаолияти давлат раҳбарлари ташаббусларида, саъй-ҳаракатларида ўзига хос тарзда акс этмоқда, – деди Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар миллий институти директори Санжар Муканбетов. – Биз учун яхши қўшничилик алоқаларидан бўлак мақбул стратегия йўқ. Шарқ донишмандлиги инсоният цивилизациясида доим муҳим ўрин тутган. “Олисдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал”, деган умумий нақлимиз бор. Хуллас, “ақл марказлари” ҳамкорликни кучайтиришнинг энг қулай йўлларини топиши керак. Ҳар бир давлат кучли бўлишга интилса, минтақа ҳам тараққиёт сари одимлайди.
Сессия ишида Марказий Осиё ва Хитой таҳлилий марказлари мутасаддилари, олимлар ва экспертлар мавзуга доир қизиқарли маърузалар асосида мунозара, муҳокамага киришди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА