Олис қишлоқда янги тиббий пункт иш бошлади
Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида одамлар эҳтиёжидан келиб чиқиб бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қўшни Қирғизистон билан чегарадош бўлган, туман марказидан салкам 50 километр олисда жойлашган Оқ том маҳалласида ўтган асрнинг 1960-йилларида фаолиятини бошлаган фельдшер акушерлик пункти бугун 62-сонли оилавий поликлиника филиали – “Оқ том” маҳалла тиббиёт пункти сифатида фойдаланишга топширилди.
Мазкур шифо масканини замонавий кўринишга келтириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, зарур шароитларни яратиш учун 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Тиббий пунктнинг очилиши маҳалла аҳолиси, айниқса меҳнат фахрийлари, аёллар учун чинакам туҳфа бўлди. Улар халқимиз саломатлиги йўлидаги ғамхўрлик учун миннатдорлик билдиришди. Янги шифо масканининг илк иш кунида маҳалла аҳли учун вилоят ва туман марказидан келган шифокор мутахассислар томонидан тиббий кўрик ташкил этилди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА.