Олис ҳудудларда ижтимоий хизмат самараси
Бугун маҳалладаги ижтимоий ходимлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашда муҳим бўғинга айланмоқда. Улар жойларда инсон тақдири, мурожаат ва муаммолар билан бевосита ишлаб, ижтимоий хизматларнинг манзилли етказилишига хизмат қилмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги “Хўжаобод” маҳалласида фаолият юритаётган ижтимоий ходим Лола Валиева ана шундай фидойи мутахассислардан бири.

Вилоят марказидан қарийб 60 километр узоқликда жойлашган маҳаллада 1088 та оила истиқомат қилади. Шулардан 132 таси “Ижтимоий реестр”га киритилган. Шунингдек, маҳаллада 97 нафар ногиронлиги бўлган шахс яшайди, уларнинг 24 нафари вояга етмаган болалардир.

Ижтимоий ходимнинг амалий кўмаги билан 3 нафар ногиронлиги бўлган бола инклюзив таълим синфларига йўналтирилди. Бу эса уларнинг тенгдошлари билан бирга таълим олиши, жамиятга мослашуви ва ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, маҳаллада 20 нафарга яқин фуқарога ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилиб, уларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашилди.

Жумладан, Беҳруз Мардонов маълум сабабларга кўра узоқ вақт уй шароитида қолиб кетган эди. Ижтимоий ходим томонидан унинг оиласи билан суҳбат ўтказилиб, психологик-тиббий-педагогик комиссия кўригидан ўтиши учун ариза расмийлаштирилди. Натижада у тумандаги 3-сонли умумтаълим мактабининг инклюзив синфига жалб этилди.

Шунингдек, Фотима Абдуллаева ҳам аввал уйда таълим олар эди. Ижтимоий ходим кўмагида тегишли комиссияга мурожаат қилиниб, у ҳам инклюзив синфга жойлаштирилди. Айни пайтда у тенгдошлари билан биргаликда таълим олмоқда. Яқинлари бу имкониятдан мамнунлигини билдирмоқда.
Таъкидланганидек, жойларда ижтимоий ходимлар фаолиятини кучайтириш аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, инклюзив муҳитни кенгайтириш ҳамда инсон қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири