Маҳалла – Янги Ўзбекистон тараққиётининг таянч нуқтаси
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқарувини номарказлаштириш ва хизматларни бевосита маҳаллага тушириш, “инсон қадри учун” тамойилини жамиятнинг энг қуйи бўғинида қарор топтириш тизимли ислоҳотларнинг бош мезонига айланди.
Маҳалла бугун шунчаки ўзини ўзи бошқариш органи эмас, балки аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этувчи, тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи ва ҳудуднинг маънавий-ҳуқуқий муҳитини белгилаб берувчи фуқаролик жамиятининг уникал институти сифатида шаклланиб улгурди.
Маҳалла тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим босқичи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини эътироф этиш лозим.
Ушбу ҳужжатлар асосида аввалги “маҳалла бешлиги” таркиби кенгайтирилиб, унга солиқ инспектори ва ижтимоий ходимнинг киритилиши натижасида “маҳалла еттилиги” институти юзага келди. Бу ўзгариш шунчаки сон жиҳатидан эмас, балки мазмунан янгиланиш бўлди.
Эндиликда маҳалла раиси бошчилигидаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика ва солиқ инспектори, ижтимоий ходим ягона жамоа бўлиб ишламоқда. Бу тизим ижтимоий ҳимоя, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш ва иқтисодий фаолликни рағбатлантириш каби йўналишларни “битта дарча” тамойили асосида мувофиқлаштириш имконини берди. Натижада давлат хизматлари аҳоли учун янада очиқ, тезкор ва қулай шаклда тақдим этилишига ҳуқуқий ва ташкилий асос шакллантирилди.
2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди.
Жорий йилги Давлат дастури доирасида 500 та маҳаллада ўтказилаётган эксперимент “еттилик” аъзоларини маҳалланинг ўз аҳолиси орасидан ёки ёндош ҳудуддан тайинлаш амалиёти тизимнинг халқчиллигини янада оширмоқда. Бундан ташқари, ходимларни ўз хизмат вазифасига кирмайдиган ортиқча мажлисбозлик ва ортиқча топшириқлардан озод қилиш бўйича ўрнатилган қатъий тартиблар уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қиляпти.
Бугунги маҳалла – юқори технологиялар жорий этилган макон. “Рақамли маҳалла” электрон платформаси маҳалла раисидан тортиб, ҳоким ёрдамчисигача бўлган барча бўғинларни ягона тизимда бирлаштирди. Мазкур платформа орқали аҳоли ўз мурожаатларини онлайн юбориши ва уларнинг ижросини реал вақт режимида кузатиши мумкин. Тизим нафақат бюрократияни камайтиради, балки ходимлар фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ҳисобланган KPI асосида холис баҳолаш имконини яратди. Бу эса ҳар бир ходимнинг масъулиятини ошириб, иш сифатини таъминламоқда.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси маълумотига кўра, 2025 йилда 8 992 та маҳаллада 55 мингдан ортиқ “еттилик” ходимлари ва 1 миллионга яқин фаоллар ҳамкорлигида қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2 090 та (23 фоиз) маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилган. 1 435 та (16 фоиз) маҳаллада камбағаллик кескин қисқартирилган ҳамда 4 388 та (49 фоиз) маҳаллада жиноятчилик даражаси пасайтирилиб, хавфсиз муҳит яратилган. Айниқса, хориждан қайтган 428 минг нафар мигрантларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий реабилитация қилиш борасидаги ишлар маҳалланинг нақадар муҳим ижтимоий куч эканини кўрсатди.
Ислоҳотларнинг яна бир стратегик йўналиши, бу – маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигидир. Президент қарорига асосан, мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг 15 фоизи бевосита маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаларига йўналтирилмоқда.
2026 йилги Ислоҳотлар дастурида маҳалла жамғармаларидан фойдаланишда шаффофликни ошириш ва қарор қабул қилиш ваколатини тўлиқ маҳалла кенгашларига бериш устувор вазифа сифатида белгиланган. “Маҳалла еттилиги” тизими бошқарув жараёнларини децентрализация қилишга, яъни қарор қабул қилиш ваколатларини халққа яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. Экспертлар фикрича, ушбу тизим нафақат иқтисодий, балки маънавий-маърифий юксалишнинг ҳам пойдеворидир. Маҳалладаги ижтимоий ходимнинг фаолияти ёрдамга муҳтож қатламни манзилли аниқлаш имконини берса, солиқ инспектори тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш орқали ҳудуднинг даромад базасини кенгайтирмоқда. Бу эса, ўз навбатида, давлат ва жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Умуман олганда, амалга оширилаётган ислоҳотлар маҳалла институтини анъанавий маслаҳат органидан замонавий, кўп мақсадли бошқарув тизимига айлантирди. Эришилган натижалар маҳалла муаммолар ечим топадиган ва инсон қадри юксаладиган масканга айланаётганини кўрсатмоқда.
Мунира ХАЙРИДДИНОВА,
Демократик жараёнларни
таҳлил қилиш маркази эксперти.
ЎзА