Олимлар пахта саноатига қандай ечим таклиф қилмоқда?(+видео)
Пахта — мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган тармоқлардан бири.
Уни етиштириш билан бир қаторда, сифатли қайта ишлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқаришда маҳаллий имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, пахтани қайта ишлашда қўлланиладиган машина ва деталларни маҳаллийлаштириш орқали нафақат импортга қарамликни камайтириш, балки иш унумдорлигини ошириш имкони ҳам яратилади.
Бугун соҳада ана шу мақсадларга қаратилган илмий изланишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлик институти олимлари пахтани қайта ишлаш машиналарини такомиллаштириш, уларнинг муҳим деталларини маҳаллий хом ашё асосида ишлаб чиқариш ва соҳада самарадорликни ошириш устида ишламоқда.
Мазкур институтнинг «Пахтани қайта ишлаш машиналари ва тизимлари динамикаси» лабораторияси етакчи илмий ходими, техника фанлари доктори Ҳамидилла Аҳмедовнинг таъкидлашича, лабораториянинг асосий илмий йўналишларидан бири пахтани қайта ишлаш корхоналаридаги машиналарни такомиллаштириш ва уларнинг муҳим қисмларини маҳаллий ресурслар асосида ишлаб чиқишдан иборат.
Олимнинг айтишича, унинг илмий тадқиқотлари пахта тозалаш корхоналарида асосий вазифани бажарувчи тола ажраткич машиналарни такомиллаштиришга қаратилган. Бунда бугунги кунда етиштирилаётган пахта навларининг хусусиятлари инобатга олиниб, машинанинг муҳим деталларини янада самарали ишлайдиган ҳолатга келтириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда.
— Пахта толасини чигитдан ажратиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган айрим деталларни маҳаллий хом ашё ва технологиялар асосида ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Бу орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни яратиш кўзда тутилмоқда, — дейди Ҳ. Аҳмедов. — Ушбу йўналишда бир қатор патентлар олинган ва улар асосида тайёрланган дастлабки намуналар Тошкент, Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги пахта тозалаш корхоналарида синовдан ўтказилган. Синов натижалари ҳам самарадорлик юқори эканини кўрсатган. Хусусан, такомиллаштирилган деталлардан фойдаланиш натижасида машиналарнинг иш унумдорлиги икки баробарга ошган, электр энергияси сарфи 7 фоизга камайган. Шунингдек, тола бўйича ишлаб чиқариш унумдорлиги 12 фоизга ошган.
Мутахассиснинг фикрича, толани чигитдан сифатли ажратиб олиш нафақат пахта тозалаш корхонаси, балки кейинги ишлаб чиқариш жараёнлари учун ҳам муҳим. Чунки сифатли тола тўқимачилик корхоналарига, сифатли чигит эса ёғ-мой саноатига етказиб берилади.
Айни пайтда мамлакатимиздаги юздан ортиқ пахта тозалаш корхоналарида зарур деталларнинг катта қисми хориждан импорт қилинаётгани қайд этилмоқда. Олимлар эса ана шу эҳтиёжни маҳаллий ишланмалар асосида қоплаш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва соҳада миллий технологик ечимларни кенг жорий этиш устида иш олиб бормоқда.
Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео),
С.Обиджонов (монтаж), ЎзА