Олимлар Ҳазрати Султон чўққисида тадқиқот олиб борди
Фанлар академияси Ботаника институти олимлари юртимизнинг энг баланд нуқталаридан бири — Ҳазрати Султон чўққисига (4083 метр) кўтарилиб, муҳим илмий экспедицияни муваффақиятли якунлади.
Экспедиция Ғарбий Ҳисор тоғ тизмасининг трансчегаравий ҳудудларида фундаментал лойиҳа доирасида ўтказилди. Тадқиқотлар Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор давлат қўриқхонаси, Ғелон, Шут ва Кўл қишлоқлари атрофи ҳамда Оқсув дарёси ҳавзасини қамраб олди.
Экспедиция давомида ҳудуд флораси кенг ўрганилиб, ўсимликлар дунёси объектлари хатловдан ўтказилди. Tulipa ingens, Pedicularis grandis, Cousinia allolepis, Komarovia anisosperma, Allium majus, Cousinia campyloraphis каби камёб ва эндемик турларнинг янги ўсиш нуқталари аниқланиб, уларнинг популяция ҳолати баҳоланди.
Шунингдек, 5×5 км. тўр тизими асосида геобоғланган маълумотлар тўпланди. Бу маълумотлар келгусида биоxилма-хилликнинг «қайноқ нуқталари»ни рақамли хариталарда акс эттириш учун муҳим илмий база бўлиб хизмат қилади.
Экспедиция давомида тўпланган ноёб дала материаллари ва гербарий намуналари камёб ўсимлик турларини муҳофаза қилиш, уларнинг тарқалиш ҳудудларини аниқлаштириш ҳамда илмий базаларни бойитишда фойдаланилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА