Олимдан ўзбек адабиётининг умиди катта
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида уюшма аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Исломжон Ёқубов таваллудининг 60 йиллик юбилейи ўтказилди.
Профессор Исломжон Ёқубов 60 ёшда
Адабий учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, адабиётшунос олимлар Қозоқбой Йўлдош, Адҳамбек Алимбеков ва бошқалар олимнинг илмий фаолияти ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Унинг ҳаёт йўлига назар ташлаб, оила, фарзандлар олдидаги бурчини алоҳида эътироф этди.


Уюшма раҳбарияти, шоир-ёзувчилар, олимнинг яқин қариндошлари, устоз ва шогирдлари иштирокидаги тадбирда олимнинг адабиётшунослар ўртасида тутган ўрни, шогирдлари, илм йўлидаги изланишларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тадбир доирасида олимнинг яқинда чоп этилган “ Мустақиллик даври ўзбек романлари поэтикаси» номли монополияси тақдимоти ўтказилди. Профессор Исломжон Ёқубовга Турон ФА академиги фахрий унвони топширилди.


- Ўзбек романчилигининг нуфузи ошишида олим Исломжон Ёқубовнинг ўз ўрни бор,- дейди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдош.- Унинг романчиликда қилган тадқиқотлари шунчаки ишлар эмас. Уларни бирор-бир илмий даража олиш учун зўрма-зўраки ёзмаган. Ёзганда ҳам пишиқ, теран ва тўлиқ ёзган. Унинг феъли оғир, ишга ҳам босиқлик билан ёндашади. Қувонарлиси, қилган иши билан мақтанавермайди. Ислом илм билан шуғулланишга, бафуржа ижод қилиш ёшига етди. Ундан ўзбек адабиётининг умиди катта.
Тадбирда олим ҳақида айтилган шеър ва қўшиқлар даврага ўзгача файз улашди.

Дилобар Маматова, ЎзА