ОКМКда меҳнат ва зафарлар шодиёнаси
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни муносабати билан кенг кўламли байрам тадбирлари ташкил этилди. Унда кўп йиллик меҳнати билан соҳа тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фидойи ишчи-ходимлар эътироф этилди.
Байрам муносабати билан комбинатнинг барча таркибий бўлинмаларида тантанали тадбирлар ўтказилиб, илғор ишчи-ходимлар рағбатлантирилди. Соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрийларга “Меҳнат фахрийси” унвонлари топширилди. Шунингдек, “Марҳамат” тантаналар мажмуасида Республика кончилик ва металлургия саноати фахрийлари кенгаши ҳамкорлигида меҳнат фахрийлари учун байрам дастурхони ёзилди.

15 май куни ОКМК спорт мажмуасида ташкил этилган гала-концерт байрам тадбирларининг энг ёрқин қисмига айланди. Тадбир аввалида комбинат спортчилари ва таркибий бўлинмаларнинг тантанали юриши бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов кейинги йилларда комбинатда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ва эришилаётган натижаларга тўхталди.

Қайд этилганидек, жорий йил март ойида ишга туширилган 3-мис бойитиш фабрикасида қисқа вақт ичида 2 миллион тонна маъдан қайта ишланиб, 30 минг тоннадан ортиқ мис концентрати ишлаб чиқарилди. Шунингдек, ички имкониятлар асосида Ковулди олтин саралаш фабрикаси қуриб битказилди.
Тадбирда ОКМК учун яна бир муҳим воқеа — комбинатга “The Copper Mark” ва “The Molybdenum Mark” халқаро сертификатлари топширилгани алоҳида эътироф этилди. Таъкидланганидек, мазкур халқаро эътироф ОКМК маҳсулотларининг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини ошириш билан бирга, корхонанинг масъулиятли ва барқарор ишлаб чиқарувчи сифатидаги нуфузини мустаҳкамлайди. Эътиборлиси, комбинат МДҲ давлатлари орасида ушбу сертификатларни қўлга киритган биринчи корхонага айланди.

Тантанали маросимда бир гуруҳ ишчи-ходимларга турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари топширилди. Шунингдек, энергия самарадорлиги бўйича танлов ғолиблари ҳамда 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишида фаол қатнашган қурувчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбир доирасида Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси ва “Металлург” маданият саройи ижодий жамоаси томонидан намойиш этилган “Тарихдан тараққиёт сари” саҳна кўриниши йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Амир Темур ва унинг жасур саркардалари тимсолидаги чиқишлар миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтирди.
Концерт дастурида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Женисбек Пиязов, хонандалар Бунёдбек Саидов, Шоҳруҳхон ва Зиёда ижросидаги куй-қўшиқлар байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлади. Байрам мушакбозлик билан якунланди.

“Металлург” маданият саройи атрофида ташкил этилган оммавий халқ сайли ҳам кўпчиликка хуш кайфият улашди. Сайл доирасида марафон, спорт мусобақалари, ишлаб чиқариш ютуқлари ва замонавий технологиялар кўргазмалари ташкил этилди.
Кўрик-танловларда комбинатнинг қатор корхона ва бошқармалари муносиб иштирок этиб, турли йўналишлар бўйича ғолиб деб топилди. Хусусан, инновацион ёндашувлари, маҳаллийлаштириш дастурлари ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этгани учун Марказий таъмирлаш механика заводи меҳнат жамоаси Гран-прини қўлга киритди.

Шунингдек, тадбирларни юқори савияда ташкил этиш ва ҳарбий-ватанпарварлик чиқишлари билан фаол иштирок этган Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисми ҳам муносиб тақдирланди.
Ўтказилган байрам тадбирлари соҳа фидойиларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, жамоани янги марралар сари руҳлантириш ва комбинатдаги аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
А. Мусаев, ЎзА