“Энг яхши рационализаторлик таклифи” танлови ғолиблари тақдирланди
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Навоий кон-металлургия комбинати ёш ишчи-ходимлари ўртасида 2025 йилда ўтказилган “Энг яхши рационализаторлик таклифи” танлови ғолибларини тақдирлаш тадбири ўтказилди.
Унда комбинатда ишлаб чиқариш жараёнига илмий ишланмалар, инновацион ғоя ва рационализаторлик таклифларини жорий этишга катта эътибор берилаётгани алоҳида таъкидланди.
“Энг яхши рационализаторлик таклифи” танлови комиссиясига 281 нафар иштирокчидан 257 та рационализаторлик таклифи келиб тушган бўлиб, 9 та йўналиш бўйича энг муносиблар ғолиб, деб топилди.
Улар орасидан геология, кончилик иши, олтин ажратиб олиш технологияси, механика, энергетика, транспорт, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари, хавфсизлик техникаси, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби йўналишлар бўйича энг муносиб таклифлар ғолиб деб топилди.
Якуний натижаларга кўра, ўнта йўналиш бўйича 24 нафар иштирокчи фахрли 1-ўринга, 45 нафари 2- ва 3-ўринларга лойиқ кўрилди.
– Ушбу танловда ғолиблар сафидан жой олганим мен учун катта шараф ва унутилмас воқеа бўлди, – дейди Жанубий кон бошқармаси Кончилик бўлими етакчи муҳандиси Суҳробжон Раҳмонов. – Энг муҳими, комбинатимизда ёшлар ва изланувчан мутахассисларнинг ғоялари доимий қўллаб-қувватланаётгани бизга ишонч ва мотивация бермоқда. Ҳамкасбим Суҳроб Раҳимов билан ҳаммуаллифликда тақдим этган рационализаторлик таклифимиз ер ости кон ишларида меҳнат қилаётган ишчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Бу таклиф орқали инсон ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашга оз бўлсада ҳисса қўша олганимиздан хурсандман.
Танлов ғолиб ва совриндорлари диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА