ОКМК: иш унумдорлиги янада ошади
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида бир қатор инвестициявий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, “Ёшлик-1 конини ўзлаштириш” инвестициявий лойиҳасини ишга тушириш ишлари жадал давом этмоқда. Лойиҳа доирасида “Ёшлик-1” кони учун бир қатор замонавий технологик кон транспорт воситалари олиб келинмоқда.
Куни кеча “Ёшлик-1” конига иккита КРАНТАС NMT 240 русумли автосамосвал олиб келинди. Бу йилнинг ўзида яна 3 дона шундай автогигант олиб келиниши кўзда тутилган. Ушбу самосвалларнинг юк кўтариш қуввати 240 тоннани ташкил этиб, транспорт воситаси тўлиқ такомиллаштирилган. Эътиборлиси, ушбу автосамосваллар маҳаллийлаштириш дастури асосида "NURAFSHON-MAXSUS-TEXNIKA" МЧЖда ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу замонавий автогигантлар ҳозирда комбинатнинг технопаркида йиғилмоқда.

Мазкур автосамосваллардан фойдаланиш бўйича 25 нафар малакали ҳайдовчиларни ўқитиш ишлари ҳам ташкил этилган. Шунингдек, 2023 йилнинг охирида ОКМКга 6 дона махсус LGMGMS25 русумли сув сепиш транспорт воситалари ҳам келтирилди. Ушбу транспорт воситаларидан кон йўлларига сув сепиб чангни бостиришда фойдаланилади. Бундан ташқари, 2 дона шина ўрнатадиган манипуляторлар ҳам олинди. Манипуляторлар автогигантларнинг таъмирлаш жараёнини сифатли амалга оширилишини таъминлайди. Бундан ташқари, комбинатга 60 тонна юк кўтариш қувватига эга автокран олиб келинди. Ушбу автокран пойтахтимиздаги “Krantas” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг афзаллиги иккита автокраннинг ўрнини босади.

Маълумот учун: 2020-2021 йилларда “Ёшлик-1 конини ўзлаштириш инвестициявий лойиҳаси” доирасида 31та 220 тонна юк кўтариш қувватига эга бўлган “БелАЗ” русумли автосамосваллар келтирилган. Бир сўз билан айтганда, замонавий транспорт воситалари иш унумдорлигини янада оширишга хизмат қилади.
ОКМК матбуот хизмати