“ОКМК” АЖ: истиқболли ҳамкорлик давом этади
Финляндия Республикаси Ҳамкорликни ривожлантириш ва ташқи савдо вазири Вилле Скиннари бошчилигидаги делегация айни кунларда мамлакатимизда бўлиб турибди.
Финляндия компаниялари вакилларидан иборат делегация 21 февраль куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатига келди.
Финляндиянинг энг йирик трансмиллий компаниялари вакиллари мамлакатимиз тадбиркорлари билан ўзаро тажриба алмашиш, мутахассислар тайёрлашда инновацион технологияларни жорий этиш, кон-металлургия соҳасини ривожлантиришда янги илғор технологияларни олиб киришни мақсад қилишган.
Меҳмонлар дастлаб комбинатнинг Қалмоққир ва “Ёшлик-1” конлари фаолияти билан танишди. Финляндия делегацияси ва ОКМК раҳбарияти ўртасида ўтказилган учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: комбинат билан бир неча йилдан буён Финляндиянинг Metso Outotec компанияси билан ҳамкорлик қилиб келади. Ушбу компания кончилик ва металлургия соҳаси учун энг замонавий ускуналарни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Metso Outotec Комбинат билан 3-Мис бойитиш фабрикасига технологик ускуналар етказиб бериш бўйича 100 миллион евролик шартнома имзолаган. Шунингдек, янги барпо этиладиган Металлургия комплекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича мазкур компания билан ҳамкорлик шартномаси тузилган. 3-Мис бойитиш фабрикаси ҳамда Рух заводи ҳудудидаги 6-сонли сульфат кислотаси цехи ва Металлургия комплексининг қурилишини жадаллаштириш бўйича комбинатда Metso Outotec компаниясининг мувофиқлаштирувчи гуруҳи ташкил этилиши белгиланган.
ОКМК Ахборот хизмати,
ЎзА