Ҳоким ёшларнинг таклифини қўллаб-қувватлади
Бухоро шаҳрида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди.
Бухоро шаҳрида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди.
Шаҳардаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ва ёшлар иштирок этган тадбирда шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ўткир Жумаев ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудуддаги ижроси тўғрисида ахборот берди.
«Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз», «Обод маҳалла» каби давлат дастурлари доирасида олиб борилаётган ишлар натижадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳоким билан юзма-юз мулоқотда ташаббускор ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган йигит-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.
Учрашувда ёшлар томонидан «Обод шаҳрим» лойиҳаси доирасида Мутал Бурхонов номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий “IT park” қурилиши, «Файзли Бухоро» челленжи ташкил қилиниши, ёшлар бунда ахборот технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда ўз лойиҳаларини ишлаб чиқиши, ҳудуд тозалиги ва ободонлигига ҳисса қўшиш, бир-бири билан тажриба алмашиш имконига эга бўлиш таклифлари илгари сурилди.

Мазкур таклиф маъқулланиб, бу борадаги барча тарғибот тадбирларида шаҳар ҳокимлиги бевосита қатнашадиган бўлди.
Ижтимоий тармоқларда ёшлар муаммолари ва инновацион ғоялари билан шуғулланадиган махсус гуруҳ ташкил этилиши юзасидан билдирилган мурожаат шаҳар мутасаддилари томонидан қўллаб-қувватланадиган бўлди.
Юртимизда эълон қилинган карантин даврида оғир аҳволда қолган ёш тадбиркорларга мадад бўлиш, ёшларда тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини ишлаб чиқиш бўйича берилган мурожаат ва таклифлар юзасидан зарур тавсиялар ишлаб чиқилди. Шунингдек, ёш тадбиркорларга тижорат банклари имтиёзли кредит маблағларини ажратиш, уларга қулай муҳит яратиб бериш каби манзилли мурожаатлар ўрганилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Назир Собиров қатнашди.