Ҳоким битирувчилар билан учрашди
Умрининг камолот пиллапояси, ҳаётдаги энг қувончли ва ҳаяжонли дамлар – мактабни тугаллаб, етуклик онларига етмоқликдир.
Умрининг камолот пиллапояси, ҳаётдаги энг қувончли ва ҳаяжонли дамлар – мактабни тугаллаб, етуклик онларига етмоқликдир. Мўътабар ва муҳтарам ота–оналарининг умид юлдузи бўлган, бугун мустақил ҳаётга йўлланма олиб, келажакда юртимиз таянчи ва суянчи бўлишга шайланиб турган бир гуруҳ битирувчилар билан Шўрчи туман ҳокими Бахтиёр Худойберганов самимий мулоқот қилди.
- Мустақил ҳаёт йўлингизга чин юракдан оқ йўл тилар эканман, бугунги орзу интилишларингиз, ёшлик шижоатингиз, пок ва ёруғ ниятларингиз сизни асло тарк этмасин, - дейди туман ҳокими суҳбат давомида. - Қадрли ўғил қизларим! Бугун шуни алоҳида қайд этишни хоҳлардимки, бу йилги битирувчиларимиз - аввалги йиллардаги ўқувчиларимиздан тубдан фарқ қилади. Чунки сизлар дунёнинг кўплаб мамлакатлари халқлари бошдан кечираётган синовли кунларни бутун дунё билан, халқимиз, ватандошларимиз билан бирга бошдан кечирмоқдасиз. Ота–онангиз, яқинларингиз саломатлиги, юртимиз тинчлиги, қалбимиз хотиржамлиги учун сабр-бардош, ирода, матонат, тартиб-интизом деган фазилатлар нақадар муҳим эканлигини мурғак қалбингиз билан ҳис этмоқдасиз. Инсонга бир марта бериладиган умрнинг қанчалик бебаҳо бойлик, ғанимат неъмат эканини ўз кўзингиз билан кўриб, теран англадингиз.
Дарҳақиқат, халқимизда «Ҳар замонга бир замон» деган ҳикматли нақл бежиз айтилмаган. Бу йилги мактабни битирувчи ёшларнинг битирув даври шундай инсоний имтиҳонлар онига тўғри келди. Жорий ўқув йилида туманимиздаги умумтаълим мактабларининг 11-синфларини 3275 нафар ўқувчи-ёшларимиз тамомлашди. Шуниси қувончлики, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг 50 нафари олтин, 6 нафари кумуш медаль билан мактабни битиришга муваффақ бўлишди.
Албатта, бу муваффақият етуклик сари бошланган катта йўл олдидаги илк муваффақият, илк маррадир! Олдинда эса орзуларга лиммо-лим улкан ҳаёт турибди.
Самимий ўтган учрашув мактабни олтин медаль билан тамомлаган ўқувчи ёшларни тақдирлаш тадбирига уланиб кетди.
- Ўқишдан, изланишдан, олға ҳаракат қилишдан ҳеч қачон тўхтамаймиз, - дейди Муаттар Сафарова. – Туман ҳокимининг қўлидан олтин медаль нишонини олиш мен учун катта шарафдир. Ушбу медалга муносиб бўлишга, олий таълим даргоҳларида билим кўникмамни оширишга ҳаракат қиламан. Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш каби абадий қолишини ва эзгуликка хизмат қилишини кўп бора таъкидлаган устозларим орзу қилган шогирд бўлиш мақсади сари интиламан.
Албатта, имкониятлар ва имтиёзлар мамлакати бўлган Ўзбекистон ёшлари келгусида Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Аз-Замахшарий, Жалолиддин Мангуберди каби жаҳон тан олган юзлаб буюкларга ҳақиқий издош бўлишади. Ёрқин ва беғубор ниятлар остонасида барчангизни олдинда кутиб турган камолот уфқлари билан яна бир бор қутлаб, ҳаёт сари оқ йўл тилаймиз.