Ҳарбийлар “Қувноқлар ва зукколар” танловида беллашди
Шимоли-ғарбий ҳарбий округда ҳарбий хизматчилар ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг округ босқичи бўлиб ўтди. Кўтаринки кайфият ва қизғин ижодий беллашувларга бой ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларининг топқирлиги, ҳозиржавоблиги ва саҳна маҳоратини намойиш этди.
Танлов давомида жамоалар томонидан тайёрланган қизиқарли саҳна кўринишлари, ҳазил-мутойибага бой чиқишлар ва ҳажвий номерлар томошабинларга хуш кайфият улашди. Иштирокчилар сўзга чечанлик, вазиятга ҳозиржавоблик билан ёндашиш, ижодий фикрлаш ва жамоавий ҳамжиҳатлик борасида ўзаро куч синашди.
Мазкур кўрик-танлов ҳарбий хизматчиларнинг ижодий қобилиятини юзага чиқариш, улар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, жамоаларда соғлом маънавий-руҳий муҳитни шакллантиришга хизмат қилди.
[gallery-32082]
Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар округ қўшинлари қўмондонининг эсдалик ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Муносиб натижа кўрсатган жамоалар эса Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказиладиган навбатдаги босқичга йўлланма олди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА